Жаҳон тажрибаси илк бор кинологияда
2025-09-24 23:00:00 / Янгиликлар

Дунё тажрибасига назар солсак, итлар нафақат қидирув-қутқарув ишларига жалб қилинади, балки ижтимоий ҳаётда ҳам катта ёрдамчи бўла олиши мумкин. Тошкент шаҳар ИИББ ЖТСБ Кинология бўлимида ҳам мамлакатимизда илк бора йўл кўрсатувчи итларни тайёрлаш йўлга қўйилмоқда.
Бўлим ходимлари жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда машғулот майдонларида хизмат итлари билан шуғулланишмоқда.
Ҳозирги кунда бўлимимиз ходимлари ўзларига юклатилган вазифадан ташқари, аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича ҳам махсус итларни ўргатишмоқда, — дейди шаҳар ИИББ ЖТСБ Кинология бўлими бўлинма бошлиғи, капитан Ойбек Байматов. — Биринчиси, кўзи ожиз ёки заиф кўрувчи фуқароларни бирон бир маршрут бўйлаб етаклаб юришга мўлжалланган йўриқчи итлар.
Уларни ўргатиш тажриба тариқасида бўлиб, биринчи босқич бўлимнинг машқ майдончаси ва манежларида, иккинчи босқич аҳоли яшаш жойлари ҳамда кўчаларда олиб борилмоқда. Иккинчи йўналиш эса ногирон ва имконияти чекланган фуқароларга йўриқчи итларни ўргатиб беришдан иборат.
Бунда — итнинг вазифаси имконияти чекланган фуқарога зарур бўлган нарсани олиб келиш учун белгиланган йўналиш бўйича ҳаракатланиш.
Мисол учун, дорихонадан дори-дармон олиб келиш керак бўлса, хизмат итига тақилган махсус сумкага пул ва рецепт солиниб, манзилга бориб келиш буюрилади.
Хизмат ити дорихонага келганида дорихоначи махсус сумкадан рецептни олиб, керакли дориларни бериб, уйга деган буйруқ беради. Бу машғулотларнинг барчасида бўлим инструкторлари хизмат ити билан ёнма-ён юриб, имконияти чекланган инсонларга, дорихоначи ва дўкончиларга ҳам ушбу йўналишда тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Бундан ташқари, фуқароларда ҳам бу янгиликка нисбатан кўникма ҳосил бўлиши учун жойларда тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Маълумотларга қараганда ҳозирда дунё бўйлаб 20 мингдан зиёд итлар шу йўналишда хизматга тайёрланган. Жаҳон тажрибасида битта жониворни керакли вазифаларга ўргатиш учун 8-10 ой вақт сарфланар экан. Бу белгиланган муддат ичида аниқ белгиланган манзилларнинг номларини эслаб қолиш, у ерга бориб-келиш кўникмалари ўргатилади.
Бўлимда ветеринария даволаш-профилактика ҳамда лаборатория диагностикаси ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ходимлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга тегишли итларни умумий бўйсунувчанлик ҳамда ҳимоя-қоровул кўникмалари ҳам ўргатилмоқда.
Бундан ташқари, наслчилик питомнигида етиштирилган ва ички ишлар органларининг эҳтиёжидан ортиқ бўлган ҳамда хизматга яроқсиз деб топилган итларни сотиш йўлга қўйилган.
Жорий йилнинг ўтган 8 ойи мобайнида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли жами 5 бош итлар шартнома асосида пул кўчириш йўли билан кинологлар томонидан умумбўйсунувчанлик кўникмалари бўйича ўргатилди.
Бўлим ҳисобида бўлган хизматга яроқсиз 7 бош хизмат итлари ўрнатилган тартибда фуқароларга сотилди. Ветеринария даволаш-профилактика ҳамда лаборатория диагностика ишлари бўйича 29 маротаба маслаҳат бериш ва рецепт ёзиш, даволаш ишлари бўйича пуллик хизматлар кўрсатилди.
Ушбу чора-тадбирлардан кўзланган мақсад, соҳани дунё стандартларига мос равишда ривожлантиришдан иборат.
©️ “Postda” газетаси, Сарвар Собиров, Тошкент шаҳри.
