Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Шаҳрисабз шаҳри ва туманида жамоат тартибини сақлаш, маҳаллаларда осойишталикни таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида кенг қамровли ўрганишлар олиб борилди
2025-09-24 09:00:00 / Янгиликлар

Дастлаб, Шаҳрисабз туманидаги “Танҳоз” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган жамоатчилик маскани фаолияти ўрганилди.
Ушбу масканга жалб қилинган фидокор ёшлар ҳамда тунги хизмат ходимларига ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ва маҳаллада осойишталикни таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг, “Шамаотон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳуқуқ-тартибот масканида маҳалла профилактика инспектори томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимот ўтказилиб, жамоат тартибини таъминлаш ва ёшларни соғлом муҳитда тарбиялаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўрганиш давомида ишчи гуруҳ вакиллари 12-умумтаълим мактабида ҳам бўлишди. Мактаб директори, инспектор-психолог ҳамда профилактика инспекторлари иштирокида ўтказилган тадбирда ўқувчи-ёшларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудни тўлиқ камералар билан қамраб олиш ва тартиб-интизомни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, ўқувчиларни ҳуқуқбузарликлардан асраш ва соғлом таълим муҳитини яратиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, Шаҳрисабз шаҳрида ҳам хавфсизлик чораларини кучайтириш юзасидан ўрганишлар олиб борилди. Аввало, Миллий банк филиалида қўриқлаш бўлими ходимларининг тунги фаолияти билан танишилиб, банк ҳимоясидаги хавфсизлик чораларини янада мустаҳкамлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Кейинчалик, “Роғузар” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла еттиликлари, кўча бошилари ва тунги хизматга жалб қилинган шахслар билан учрашув ўтказилиб, фуқаролар мурожаатларига ўз вақтида эътибор қаратиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат тартибини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, шаҳар ҳудудидаги савдо шохобчалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш масканлари ҳам кўздан кечирилди.
Уларда кузатув камераларидан самарали фойдаланиш ва қўриқлаш чораларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Бир сўз билан айтганда, Шаҳрисабз шаҳри ва туманида олиб борилган ўрганишлар давомида маҳаллаларда осойишталикни таъминлаш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг тинч ҳаёт кечиришлари учун зарур чоралар кўриш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









