Наманган вилояти ИИБ ишчи гуруҳи томонидан Норин ва Учқўрғон туманларида тунги ўрганишлар олиб борилди
2025-09-22 15:35:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан жиноятчиликка қарши курашиш, аҳоли тинчлигини таъминлаш, жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор туманларда тунги ўрганиш ишлари олиб борилди.
Бошқарма бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Норин ва Учқўрғон туманларида бўлиб, хизмат олиб бораётган ходимлар фаолияти, аҳоли осойишталигини сақлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда муҳим объектлар қўриқланиши ҳолатини ўрганди.
Норин туманида пахта қабул қилиш масканларида техника хавфсизлиги чора-тадбирлари кўриб чиқилиб, пахта ташувчи ҳайдовчилар ва маскан ходимларига ёнғин хавфсизлиги ҳамда ҳаракат хавфсизлигига риоя қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, “Норин” ЙПХ масканининг фаолияти ўрганилиб, ноқонуний товар айланмасига қарши чоралар белгилаб олинди.
Учқўрғон туманида эса муҳим тоифадаги объектларнинг қўриқланиш ҳолати, шунингдек «Кўприкбоши» ва «Шодлик» маҳаллаларидаги «Ҳуқуқ-тартибот масканлари» фаолияти кўздан кечирилди. Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Вилоят бўйлаб бу каби профилактик тадбирлар мунтазам равишда давом эттирилмоқда. Ички ишлар органлари учун энг устувор вазифа — аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликнинг олдини олишдир.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати









