ИИВ Малака ошириш институтида тингловчилар учун ижодий учрашув ўтказилди
2025-09-21 09:00:00 / Янгиликлар

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида инсон маънавиятини юксалтириш, жамиятда фаол фуқаролик позициясига эга, маърифатли ва ватанпарвар авлодни тарбиялаш муҳим ўрин тутади.
Бу борада турли ижтимоий-сиёсий тадбирлар, маънавий-маърифий учрашув ва суҳбатлар муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида тингловчилар учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари, таниқли шоир Минҳожиддин Ҳожиматов иштирокида “Тинчлик – неъмат, фидойилик – шараф” мавзусида ижодий учрашув ташкил этилди.
Тадбир давомида таниқли шоир сўз эркинлиги, тинчликнинг қадри, инсон ва жамият масъулияти, фидойилик ва ватанпарварлик каби мавзуларда сўз юритиб, ўз ижодидан намуна сифатида бир қатор шеърлар ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, у адабиётнинг инсон онги ва қалбига таъсири, ижоднинг тарбиявий ва маънавий аҳамияти ҳақида фикрларини баён этди.
Ижодий учрашув мулоқот тарзида ўтказилиб, тингловчиларнинг саволларига атрофлича жавоблар берилди. Ушбу учрашув иштирокчиларнинг нафақат билим доирасини, балки маънавий салоҳиятини оширишда ҳам муҳим ўрин тутди.
Тадбир якунида Минҳожиддин Ҳожиматовга Институт бошлиғи полковник Олимжон Ахмедов ўзи, институт жамоаси ва тингловчилар номидан миннатдорлик билдирилиб, унинг ижоди ва фаолиятига юқори баҳо берилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бундай ижодий учрашувлар ички ишлар органлари ходимларининг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, юксак маърифат эгаси бўлган шахслар билан бевосита мулоқот қилиш имкониятини яратади.
Бу эса уларнинг хизмат фаолиятида ҳам ўз ифодасини топади.
ИИВ Малака ошириш институти









