Навоийда “Хавфсиз кибермакон” ойлиги доирасида “Раҳбар ва ёшлар” мулоқоти ўтказилди
2025-09-19 20:05:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг сентябрь ойида мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Хавфсиз кибермакон” ойлиги доирасида Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан кенг кўламли профилактик ва ҳуқуқий-маърифий ишлар олиб борилмоқда.
Шу муносабат билан, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Азат Тасбаев иштирокида “Раҳбар ва талаба ёшлар” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Анжуманда раҳбар томонидан ёшлар ўртасида учраб туриши мумкин бўлган жиноятчилик ҳолатлари, айниқса, киберҳудудда кузатилаётган ҳуқуқбузарликлар ва кибержиноятларнинг турлари ҳақида тўхталиб ўтилди. Фуқаролар, хусусан, ёшлар интернет орқали содир этилаётган турли фирибгарлик ҳолатларидан огоҳ бўлиши лозимлиги, киберҳимоя кўникмаларини шакллантириш бугунги кунда жуда муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Тадбирда мутахассислар томонидан киберхавфсизлик, шахсий маълумотларни ҳимоялаш, интернетда фаолият юритишда юзага келиши мумкин бўлган хатарлар ва улардан сақланиш чоралари бўйича батафсил маълумотлар берилди. Ёшларга амалий тавсиялар тақдим этилди ва махсус ахборот-таҳлилий эслатмалар тарқатилди.
Мазкур учрашув “Хавфсиз кибермакон” ойлиги доирасида ёшлар ўртасида киберхавфсизлик маданиятини ошириш, уларни турли таҳдид ва хатарлардан муҳофаза қилишга қаратилган муҳим тадбирлардан бири бўлди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати









