Ёшлар — келажак бунёдкори. Шижоатнинг ютуғи
2025-09-17 23:00:00 / Янгиликлар

Қўнғирот тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, катта лейтенант Даўлетбай Татенов ИИВ Академиясини тамомлагач, илк хизмат фаолиятини Қўнғирот туманида бошлаган. Унинг кенг жамоатчилик билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли «Бердақ» макон фуқаролар йиғини «сариқ» тоифадан «яшил» тоифага ўтди. Шу билан бирга, у яқинда ўтказилган «Энг яхши профилактика инспектори» танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида фахрли 1-ўринга муносиб деб топилди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда «Бердақ» макон фуқаролар йиғинида 2800 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг аксарияти асосан чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланиб келади. Ўтган вақт мобайнида профилактика инспектори томонидан ҳудудда тинчлик-осойишталикни сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида «хонадонбай» ва «маҳаллабай» ишлаш тизими асосида аҳолининг турмуш шароитини ўрганиш ишлари йўлга қўйилган. Аниқланган муаммо ва мурожаатлар юзасидан хулосалар тайёрланиб, фуқаролар йиғини фаоллари билан ечими топиш чоралари кўриб келинмоқда.
Шунингдек, низоли оилалар билан тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилиб, яраштириш орқали оилавий муҳит мустаҳкамланишига эришилмоқда. Тазйиқ ва зўравонликка учраган 14 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган.
Вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида ҳудуддаги 40- ва 42-сонли умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жиноятчиликнинг салбий оқибатларини тушунтириш ишлари мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Шунингдек, ёшларни ватанпарварлик ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш юзасидан семинар-тренинглар ўтказиб бориш йўлга қўйилган. Яқинда фойдаланишга топширилган Workout майдончаси доим ёшлар билан гавжум бўлиб, бу ерда турли спорт мусобақалари ўтказиб келинади.
- Албатта, ҳар қандай муваффақият ортида тинимсиз меҳнат туради. Ҳудуддаги хонадонларни ўрганиб, муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга, имкон даражасида ёрдам беришга интилдим. Аҳоли билан илиқ муносабат ўрнатишимда макон фуқаролар йиғини раиси Азат Сабуровнинг ёрдами катта, — дейди катта лейтенант Даўлетбай Татенов.
Азамат Пирниязов, ўз мухбиримиз. “Постда”
Қорақалпоғистон Республикаси
