Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилоятида Ўзбекистон ва Қозоғистон ИИВ делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди
2025-09-17 18:00:00 / Янгиликлар

Туркистонда Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирликлари делегацияларининг жиноятларни тергов қилишда тажриба алмашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар ўртасидаги давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва самарадорлигини ошириш масалалари бўйича қўшма кенгаши ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашропов, Қозоғистон ИИВ вазири ўринбосари Санжар Адилов, Туркистон вилояти полиция департаменти бошлиғи Мурат Кабденов, шунингдек, икки мамлакатнинг тергов департаментлари ва чегарадош вилоятлари ички ишлар органлари вакиллари иштирок этдилар.
Учрашув қатнашчилари тергов, оператив ва хизмат фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ишларни такомиллаштириш, хусусан, трансмиллий жиноятларни биргаликда ҳамкорликда тергов қилиш, бу жараёнда рақамли воситалардан кенг фойдаланиш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар ходимларининг малакасини ошириш режалари кўриб чиқилди.
Делегациялар вакиллари полиция департаментининг оператив бошқарув марказига ташриф буюрдилар. У ерда уларга «Қўрғон», «Рақамли полициячи», «Электрон жиноий иш», «Антифрод» ва бошқа тизимлар, шу жумладан сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда ишлайдиган тизимлар намойиш этилди. Шунингдек, учрашув иштирокчилари кибер-лаборатория, генетик ва кўчма криминалистик лабораторияларнинг имкониятлари билан танишдилар.



