Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг расмий ташриф билан бўлиб турган Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазири жаноб Ван Сяохун ҳамда Фавқулодда ва Мухтор Элчи жаноб Юй Сзюн иштирокидаги делегация билан учрашув
2024-04-01 14:35:00 / Янгиликлар

Мазкур тадбир 2023 йил 19 майда Хитойнинг Циан шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Хитой» форматидаги биринчи саммитида Давлатимиз раҳбари томонидан Марказий Осиё давлатлари ва Хитойнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифларининг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз Ички ишлар вазирлигининг Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлиги билан алоқалари кенгайиб, халқаро терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятларга қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилгани, бу жараёнда вазирликлар ўртасида ахборот ва ўзаро тажриба алмашиш, кадрлар малакасини ошириш ҳамда икки томонлама ташрифлар жадал амалга оширилаётгани эътироф этилди.
Тадбирда томонлар терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ҳамда бошқа турдаги трансмиллий жиноятларга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш, кибержиноятларга қарши курашиш ва рақамли криминалистика йўналишида ички ишлар органлари ходимлари учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш, Вазирлик таркибида янги ташкил этилган Криминология тадқиқот институти билан Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг 4 та илмий тадқиқот марказлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш каби муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида икки вазирлик ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Дастур имзоланди.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида истиқболли вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ Ахборот хизмати