Ёшлар — келажак бунёдкори. Заковатли терговчи
2025-09-15 23:00:00 / Янгиликлар

Ҳар қандай жиноят иши ортида одам тақдири туради. Шу боис терговчи зиммасига юкланган масъулият ҳам ниҳоятда катта. Ёш ва истеъдодли терговчилардан бири Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси тергов гуруҳи катта терговчиси, катта лейтенант Жалолиддин Хуррамов буни чуқур ҳис этади.
Жалолиддин болалигиданоқ ҳаракатчан, интизомли ва билимга чанқоқ бўлиб ўсди. 2020-2023 йил-ларда ИИВ Академиясида таҳсил олиб,ҳуқуқшунослик соҳасининг сир-асрорларини пухта ўрганди. Академияни муваффақиятли якунлаб, дастлабки фаолиятини Денов тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимида бошлади.
Кейинчалик Ангор тумани ИИБда хизмат қилиб, ўзига ишониб топширилган ҳар бир ишни виждонан бажариши билан алоҳида эътирофга сазовор бўлди.
Вояга етмаган Х.С. ижтимоий тармоқ орқали Салим Ҳаққуловнинг (исм-шарифи ўзгартирилди) фуқаролик паспорти нусхасини қўлга киритади. У ушбу ҳужжат эгаси номига уяли алоқа компаниясининг бир нечта сим карталарини сотиб олиб, ушбу сим карталар орқали телеграмда аккаунт очиб, OLX тармоғига телефон сотувга қўйиб, одамларга ўзини Салим Ҳаққулов деб таништиради ва харидорларнинг ишончига кириб, улардан пул ундиради. Х.С. Сурхондарё вилоятида яшовчи ўндан ортиқ фуқарони шу тарзда чув туширади ва пулларини олиб, ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади.
Ушбу кўп эпизодли жиноят иши тафсилотларини ойдинлаштириш Жалолиддиннинг зиммасига юклангач, у синчковлик билан барча ҳолатларни ўрганиб чиқди. Ва бу ишни амалга оширган Х.С.нинг барча кирдикорларини тош қилади.
Жалолиддин Хуррамовнинг хизмат жараёнидаги асосий йўналишлари фирибгарлик, кибержиноятчилик, йўл-транспорт ҳодисалари, тан жароҳати етказиш каби турли жиноят ишларини холисона тергов қилишдан иборат. Унинг иш услубида изчиллик, сабр-тоқат ва ўткир заковат яққол кўзга ташланади.
Ёшлигидан спорт билан шуғулланган ва Ўзбекистон чемпиони мақомига эга бўлган Жалолиддин каратэ машғулотлари орқали ўзида ирода ва қатъиятни шакллантирган.
Бугунги кунда ана шу фазилатлар унинг касбий фаолиятида ҳам муҳим омилга айланган.
2024 йилда вилоятда ўтказилган «Энг яхши терговчи» кўрик-танловида 3-ўринни, жорий йилда эса 1 -ўринни қўлга киритгани унинг касбий маҳоратидан дарак беради.
Катта лейтенант Жалолиддин Хуррамов ёш бўлишига қарамай, ўз ишининг устаси. У метин иродаси, чуқур билимдонлиги ва заковати орқали қонун устуворлиги таъминланишига муносиб ҳисса қўшмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Феруза Раҳмонқулова, Сурхондарё вилояти.
