Эҳтиром. Ёруғ юз билан
2025-09-12 23:00:00 / Янгиликлар

Кўпчилик ички ишлар органларида узоқ йиллар хизмат қилиб, юқори унвон ва масъул лавозимларда фаолият олиб бориб, ёруғ юз билан пенсияга чиқишни орзу қилади.
Куни кеча ИИВ Миграция ва персоналлаштириш департаментида ҳам масъул лавозимларда фаолият юритган икки нафар ходимни пенсияга кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни департамент бошлиғи, полковник Улуғбек Ташходжаев кириш сўзи билан очаркан, бошлиқнинг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган полковник Шуҳрат Ходжаев ҳамда бўлим бошлиғи, подполковник Бурхон Акрамовлар хизмат фаолияти ҳақида илиқ фикрларни билдирди.
Полковник Шуҳрат Ходжаев қарийб 30 йил айнан миграция ва фуқароликни расмийлаштириш йўналишида хизмат қилган. Дастлаб ИИВ ЖТСХ хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида фаолиятини бошлаган Ш.Ходжаев Учтепа, Чилонзор туманлари Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда Сирдарё вилояти ИИБ ХЧК ва ФРБ бошлиғи лавозимларида сидқидилдан хизмат қилди.
Соҳага қўшган ҳиссаси ва фидокорона хизмати муносиб эътироф этилиб, Президентимизнинг фармонига кўра, 2022 йилда «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган.
Подполковник Бурхон Акрамов ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини ИИВ Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида ўқитувчиликдан бошлаган. 2012 йилда эса ИИВ ХЧК ва ФРБга ўтказилиб, то пенсияга кузатилгунига қадар ушбу даргоҳда хизмат фаолиятини юритди, бир неча шогирдларга устозлик қилди.
Тадбирда икки фидойи ходимнинг ҳамкасблари ҳамда шогирдлари самимий тилакларини изҳор этишди.
Ўз навбатида, Ш.Ходжаев ва Б.Акрамов ҳам бундай эътибор учун департамент раҳбариятидан миннатдорликларини билдиришди.
©️ “Postda” газетаси, Сарвар Собиров, Тошкент шаҳри.
