Яқин тарих саҳифаларида. Яхшилик излаб яшади
2025-09-11 13:00:00 / Янгиликлар

Бахтиёр Гафаров ички ишлар органларида қисқа давр (саккиз йил) фаолият кўрсатган бўлса-да, юртимизнинг пешқадам ва жасоратли ходимлари сафидан муносиб урин олишга муяссар бўлган эди.
У 1948 йил 18 июнь куни Бухоронинг Вобкент туманида таваллуд топди. Аслида ота-онаси ромитанлик бўлишган, ўша йиллар отаси Мўмин Гафаров Вобкент тумани ИИБ бошлиғи бўлиб ишларди. Шу боис ҳам оиласи билан кўчиб келишади. Ўша пайтларда ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий ҳаётда янги ислоҳотлар кечаётган, ниҳоятда чигал, оғир дамлар бўлганлиги тарихдан маълум. Б.Гафаровнинг болалик дамлари ҳам ниҳоятда оғир кечган. Кейинчалик отаси Ромитан тумани ИИБ бошлиғи вазифасида ишлаб, 1966 йилда майор унвони билан пенсияга чиқади.
Бахтиёр Гафаров Тошкент политехника институтини битиргач, икки йил армия сафида ҳарбий хизматни ўтаб келади. Дастлабки меҳнат фаолиятини Ромитан туманидаги кўчма механизация колоннасида прораб лавозимида бошлаб, 1976 йил февраль ойига қадар ишлайди.
Ота касбини давом эттиришга аҳд қилган Б. Гафаров 1976-1978 йилларда Ромитан тумани ИИБда тезкор ходим бўлиб хизмат қилади.
1980 йил август ойидан то 1982 йилнинг майига қадар вилоят ИИБ социалистик мулкни талон-торож қилишга қарши курашиш бўлими ўта муҳим ишлар бўйича бўлинма бошлиғи, кейин вилоят ИИБ бўлим бошлиғи ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатади. 1983 йил 1 апрелидан бошлаб, Бухоро вилояти Свердловск (ҳозирги Жондор тумани) райони ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари вазифасига тайинланади. Афсуски, бу лавозимда кўп ишламайди, атиги бир ойу икки кун хизмат қилади, холос...
Ўтган асрнинг саксон учинчи йиллари мамлакатимиз бўйлаб кенг ёйилган «ўзбек иши» қатағони кўпгина малакали ички ишлар органлари раҳбарлари қатори капитан Бахтиёр Гафаровни ҳам ўз домига тортди. У пора беришга воситачилик қилган, деган ноҳақ айб билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилади.
- Раҳматли Бахтиёр акамни қамоққа олиб кетишгач, уйга бир гала рус миллатига мансуб кишилар келиб, уйни тинтув қилишди. Пул ва тиллалар чиқмагач, улар ҳайрон қолишди. Аммо сир бой бермай ҳаммаси кейин аниқ бўлади, деб кетишди, — дейди Б.Гафаровнинг турмуш ўртоғи Гулнора опа ўша кунларни хотирлаб. — Ҳақиқатан ҳам тергов жараёнида раҳбарга пора беришга воситачилик қилган деган туҳматни қўйишди. 1984 йил май ойида Олий суд ноҳақ айб билан саккиз йил қамоқ жазоси тайинлади.
Ҳақиқатан ҳам Б.Гафаров 1987 йил 4 декабргача Қозоғистон Республикаси лагерида жабр-ситамларни тортди, лекин иродасини буколмадилар. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жабрлардан қатъий ирода ва келажакка ишончи туфайли омон қолди. Қамоқхонанинг ўзида суд бўлиб, оқланди, деб ҳукм чиқарилди. Б.Гафаров Бухорога, оиласи бағрига қайтди.
Бахтиёр Гафаровнинг икки ўғил ва икки қизи бўлиб, улар ота-бобоси изидан бормади. Ўғилларининг бири тадбиркор, иккинчиси ошпаз. Қизлари ҳам ўзларидан тинчиган. Аммо укаси Шуҳрат ички ишлар органларида узоқ йиллар фаолият кўрсатиб, вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимидан подполковник унвони билан пенсияга чиқади. У ўша даврни эслаб қуйидагиларни ҳикоя қилди:
- Акам қамалганда Вобкент тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлардим. Мени оддий терговчиликка ўтказишди. Шунга ҳам шукр қилдим. Бутунлай ишдан олиб ташлашса, ҳеч нарса қилолмасдим. Бахтиёр акам қамоқдан келгач, инфаркт ташхиси билан шифохонада даволаниб чиқди. Соғлигини тиклагач, уни ички ишлар органларига ишлашга чақиришди. Аммо акам таклифни рад этди. Қурилиш маҳсулотлари савдо-сотиғи билан шуғулланувчи кооперативда дўстлари билан бир муддат ишлаб, кейин Ромитан туманидаги суғурта идорасида бошлиқ вазифасида меҳнат қилдилар.
Ҳар бир амалнинг асорати қолади деганларидек, Бахтиёр Гафаровга ҳам ўша Гдлян ва Ивановларнинг тазйиқи ва тергов усуллари туфайли чеккан азобу уқубатлари ўз таъсирини кўрсата бошлади. У тез-тез касалга чалиниб, охири 2011 йили 63 ёшида ёруғ дунёни тарк этди. Аммо дўстлари ва яқинлари қалбида яхши хотира қолдирди.
Мирзоқул Аҳадов, ўз мухбиримиз. “Постда”
Бухоро вилояти
