Бухоро вилояти ИИБ Тезкор бошқарув марказида иш жараёнлари ўрганилди
2025-09-11 11:40:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи, вилоят ҳокими ўринбосари ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси раҳбарлари Тезкор бошқарув марказида бўлиб, бу ердаги иш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан марказ тизими ва ислоҳотларнинг бориши, рақамлаштириш жараёнларининг амалиётга татбиқ этилиши борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбарининг «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорининг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳам таҳлил этилди.
Криминоген вазияти оғир маҳаллалар ҳудудларида кузатув камералари, аҳоли гавжум масканлар, бозорлар ва жамоат жойларида юзни ва авторақамларни таниб олувчи видео кузатув мосламалари ўрнатилиши ҳамда уларни Тезкор бошқарув марказига интеграция қилиниши, «Рақамли маҳалла» дастурини кенг татбиқ этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Ушбу марказ хавфсизлик тизимининг юраги ҳисобланиб, бугунги кунда унга 10000 дан ортиқ видеокамера уланган:
687 та – автомобиль давлат рақамларини аниқловчи камералар,
1380 та – юзни таниб олувчи замонавий тизимлар,
481 та – 360 даражали айланма камералар,
7530 та – кузатув камераси.
Маҳалла ва кўчалардаги барча камера тизимлари ягона марказга уланиб, реал вақт режимида кузатув олиб борилмоқда.
Шунингдек, Бухоро шаҳри ва туманлар марказларидаги транспорт воситалари гавжум йўлларда тирбандликларнинг олдини олиш борасида бажарилиши лозим бўлган масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилиб, бу борада масъулларга тегишли топшириқлар белгилаб берилди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати







