Сулола. Касбга меҳр қўйганлар
2025-09-09 09:00:00 / Янгиликлар

Сирдарё тумани ИИБ ЖҚБ катта тезкор вакили, майор Иноятулла Бойигитов сулоланинг кенжа вакили. Унинг бобоси майор Бойигит Турдиқулов ҳам ўтган асрнинг 60 йилларида айнан шу туман ИИБда хизмат қилган.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлган отахон ўзининг тўғрисўзлиги, қатъиятлилиги билан донг қозонган. Хавфли жиноятчиларни қўлга олиш чоғида кўп бора жасорат кўрсатган Бойигит ота 1983 йилда бу ёруғ оламни тарк этган.
Унинг ўғли Абдукарим Турдиқулов ота касбини давом эттириш мақсадида Сирдарё туманига кўчиб келди. Тизимдаги фаолиятини туман ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлимида бошлади. У Сирдарё туманидаги спиртли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи заводни, чегараолди ҳудудларни қўриқлашда жонбозлик кўрсатди. Ўша пайтлари чегарадан ноқонуний равишда юк олиб ўтишга уринишлар кўп бўларди. Абдукарим Турдиқулов ана шундай ҳолатларни бартараф этишга катта ҳисса қўшган. Хизмат фаолияти давомида кўп бора рағбатлантирилган. Катта сержант унвонида пенсияга чиққан.
Абдукарим ака турмуш ўртоғи София опа билан икки нафар фарзандни вояга етказган. Кенжаси Зиёдулла Тошкентдаги 29-мактабда рус тили фанидан ўқувчиларга сабоқ беради. Тўнғичи Иноятулла эса болалигидан аждодлар анъанасини давом эттириб, дастлаб Гулистон шаҳар ИИБ ЖҚБ тезкор вакили лавозимига хизматга тез киришиб кетди. Жиноятчи кимсаларнинг қилмишини фош этиш, уларнинг қутқусидан бегуноҳ инсонларни қутқариш осон жараён эмасди, албатта.
Лекин изқуварлик маҳоратини қунт билан ўрганаётган инсон учун ҳар қандай машаққат чикора. Иноятулла очган жиноятлар унинг маҳоратига далил сифатида кўп бора эътироф этилган.
Уларнинг орасида «Бахмал» маҳалласида содир бўлган қотиллик жинояти устида алоҳида тўхталиб ўтиш мумкин. 2022 йил кузида Гулистон шаҳар ИИБ Навбатчилик қисмига бир аёл автомашинадан йиқилиб ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилади.
Дастлабки маълумотларга кўра, у юриб кетаётган енгил автомобилдан ўзини ташлаган. Оғир тан жароҳати олиши оқибатида вафот этган.
Воқеа жойига етиб борган Иноятулла Бойигитовнинг ташаббуси билан суд-тиббий экспертизаси тайинланади. Экспертиза хулосаси жувон бошига ўтмас, қаттиқ жисм билан жароҳат етказилиши натижасида жон берганини кўрсатади.
Синчиклаб суриштиришлар натижасида уни эри бошига металл буюм билан уриб ўлдиргани аниқланади. Маълум бўлишича, аёл қайнонаси билан келишолмаган. Ўша куни ҳам ўртада жанжал чиққан. Можарога эри ҳам аралашган. У онасининг тарафини олиб, жаҳл устида хотинининг қотилига айланган.
Мақола тайёрлаш учун борганимизда, майор Иноятулла Бойигитовни қизғин иш устида учратдик. Лавҳамиз қаҳрамони «Адолат» маҳалласида яшовчи 65 ёшли фуқаро томонидан гиёҳвандлик экинини етиштириш жиноятини фош этиб, ушбу ҳолат бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштираётган экан.
Майор Иноятулла Бойигитов турмуш ўртоғи билан биргаликда бир ўғил, бир қизни вояга етказмоқда. Ўз ишига меҳр қўйган ушбу осойишталик посбони бундан кейин ҳам аждодлари ишини муносиб равишда давом эттиришига ишонамиз.
©️ “Postda” газетаси, Абдураҳмон Мустафоқулов, Сирдарё вилояти.
