Малака ошириш институтида педагогик семинар бўлиб ўтди
2025-09-07 11:40:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Ўқув-услубий бўлим ходимлари томонидан педагогик соҳада фаолият юритаётган мутахассислар учун навбатдаги семинар ташкил этилди.
Тадбирда институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, ИИВ Махсус тайёргарлик ўқув маркази, вазирлик 1-сон ва 2-сон Академик лицейи ўқитувчилари, методистлари ҳамда илмий ходимлар иштирок этдилар.
Семинар доирасида таълим сифатини ошириш ва замонавий талабларга жавоб берадиган ёндашувларни амалиётга жорий этишга қаратилган бир қатор долзарб мавзулар муҳокама қилинди. Жумладан, ўқув жараёни самарадорлигини ошириш, ўқув-методик материаллар сифати ва мазмунини янада такомиллаштириш, илмий-тадқиқотлар салоҳиятини кенгайтириш, таълимда инновацион технологиялардан фойдаланиш масалалари юзасидан маърузалар тингланди.
Тадбир иштирокчилари томонидан ўзаро тажриба алмашиш, муаммоли ҳолатлар бўйича фикр алмашиш ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
Семинар якунида иштирокчилар бундай тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш таълим жараёнини янада самарали ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати









