Маҳалла тинч — юрт тинч. Зиммасида масъулиятли вазифалар кўп
2025-09-06 23:00:00 / Янгиликлар

Янги Наманган тумани «Меҳнатобод» маҳалласида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва аҳоли осойишталигини таъминлаш мақсадида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2021 йил октябрь ойидан буён мазкур ҳудудда профилактика инспектори лавозимида фаолият юритаётган Жавлонбек Абдураҳмонов бу борада сидқидилдан хизмат олиб бормоқда.
8744 нафар аҳоли истиқомат қиладиган бу маскан «сариқ» тоифада. Охирги 8 ой давомида маҳаллада 2 та безорилик жинояти қайд этилган. Статистиканинг ўзгариши профилактика инспекторини янада шижоат билан ишлашга ундади. Келгусида «яшил» тоифага ўтишга астойдил ҳаракатлар бошлаб юборилдики, маҳалланинг кириш-чиқиш йўлларига автомашина рақамини аниқловчи ҳамда юздан таниб олувчи кузатув камералари ўрнатилди.
Шунингдек, аҳоли гавжум жойлардаги савдо марказлари, хонадонлар қўриқлов пультига уланди.
Ҳудудда 19 нафар муқаддам судланган шахс яшайди. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Ҳ. Мамадалиев ҳамкорлигида ишга жойлаштириш чоралари кўрилиб, уларнинг бандлиги таъминланди.
Шу орқали жиноятчиликка мойил шахсларни ижтимоий ҳаётга қайтаришга эришилган. Масалан, Янги боғ кўчасида истиқомат қилувчи муқаддам судланган Ж.Б. га бандлигини таъминлаш мақсадида чорвачилик йўналиши бўйича қорамол олиши учун 30 млн сўм маблағ ажратилди.
Жазони ижро этиб қайтган одамларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, улар қалбида эртанги кунга ишонч уйғотиш муҳим, деб ўйлайман. Бу тоифадагилар билан профилактик ишларни ташкил этиш доимий назоратимизда бўлиши керак, — дейди Жавлонбек Абдураҳмонов.
Маҳаллада оилавий ажралишларнинг олдини олишга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Йил бошидан буён профилактика инспектори саъй-ҳаракати билан 8 та низоли оила яраштирилган. Ушбу оилаларга маҳалла фахрийлари масъул қилиб бириктирилдики, бу оилаларда тинч-тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Маҳалланинг тажрибали гулчиси Дилшодбек Абдураҳмонов 15 йилдан буён гул парваришлаш билан шуғулланиб, соҳанинг ҳақиқий устасига айланган. Ҳозирда унинг 7 та плантациясида 60 мингдан зиёд гуллар парваришланмоқда, шуларнинг 50 мингтаси сотувга тайёр.
Гулхоналарда баҳор ва ёзда 5-6 нафар ишчи ишласа, куз ва қишда бу рақам 20-25 тага етади. Ишчилар ойига 2-3 миллион сўм маош олиб, барқарор даромадга эга.
Бундан ташқари, аксарият хонадонларда манзарали сунъий гул ясаш йўлга қўйилган. Масалан, Иброҳимжон Жўраев оиласи шу ҳунар ортидан кунига 10 млн сўмгача даромад топади.
Айтмоқчи бўлганимиз, маҳаллада ишсизликни бартараф этишга ҳаракат қилаётган тажрибали гулчилар «Меҳнатобод»ни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантиришга муносиб ҳисса қўшишмоқда.
Жавлонбекнинг зиммасида эса ҳали масъулиятли вазифалар кўп, уларни бажаришда фидойи ходимга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
©️ “Postda” газетаси, Гулчеҳра Бувамирзаева, Наманган вилояти.
