Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида янгидан қурилган Ҳуқуқ-тартибот маскани фойдаланишга топширилди
2025-09-06 09:00:00 / Янгиликлар

Юртимизда истиқлолимизнинг 34 йиллиги байрами шукуҳи кезиб юрган шу кезларда бир қатор янги бинолар қуриб фойдаланишга топширилмоқда.
Жумладан, Кўкдала туман ички ишлар бўлими 1-сонли Ҳуқуқ-тартибот маскани янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилгани фуқароларга байрам совғаси бўлди.
Тумандаги “Чувиллоқ” маҳалласида қуриб фойдаланишга топширилган 1-сонли “Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” “Тўқмор, “Сувлиқ”, “Аннаруз” “Қумдарё” маҳаллаларидаги 6158 та хонадонда 7623 та оилалар таркибидаги 36587 нафар фуқароларга хизмат кўрсатади.
Ҳуқуқ-тартибот масканида, ички ишлар органларининг профилактика инспектори, суриштирувчи, тезкор вакил, хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори, қўриқлаш хизмати, пробация гуруҳи, Патрул-пост ва йўл-патрул хизмати ҳамда профилактика бош инспектори учун барча шароитлар яратилди.
Бириктирилган маҳаллаларда 13 нафар шахсий таркибдан иборат ички ишлар органлари ходимлари жиноятларни олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш, криминоген вазиятни жиловлаш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни олдини олиш, узоқ муддатга ишлаш учун хорижга кетганлар, мунтазам спиртли ичимлик ичувчилар ҳамда гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчи шахслар билан профилактик тадбирларни амалга оширадилар.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати





