Бухоро вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш ва аҳоли осойишталигини таъминлашга қаратилган кенгайтирилган йиғилишлар ўтказилди
2025-09-05 16:10:00 / Янгиликлар

Бухоро вилоятида жиноятчиликка қарши курашиш, унинг олдини олиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш ҳамда ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида вилоятнинг бир қатор шаҳар ва туманларида кенгайтирилган йиғилишлар ташкил этилди.
Йиғилишларда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, туман ва шаҳар ҳокимлари, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари, тегишли ташкилот ва корхоналар вакиллари ҳамда ички ишлар бўлимларининг шахсий таркиби иштирок этди.
Когон шаҳрида ўтказилган йиғилишда жиноятчилик ҳолати, айниқса, “қизил” тоифага кирувчи маҳаллалардаги криминоген вазият таҳлил қилинди. Бошқарма бошлиғи томонидан содир этилган жиноятларни “иссиқ излар”да фош этиш, жамоат тартибини таъминлаш ва профилактик тадбирларни кучайтириш бўйича амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлил этилди.
Шофиркон туманида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тезкор йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар билан самарали ишлаш ва хизмат интизоми масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Ромитан туманидаги йиғилишда маҳаллаларда “хавфсиз муҳит”ни шакллантириш, профилактика инспекторларининг жамоатчилик билан ҳамкорлигини кучайтириш ва ижтимоий хавфли тоифага кирувчи шахслар билан индивидуал ишлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Олот туманида ўтказилган кенгайтирилган муҳокама йиғилишида жиноятлар сони, уларнинг содир этилиш сабаб ва шарт-шароитлари таҳлил қилинди. Бошқарма раҳбарияти жиноятчиликнинг олдини олишда фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки жамоатчилик ва маҳаллий муассасаларнинг ҳамкорлиги муҳим эканини алоҳида таъкидлади.
Когон туманида ҳам шунга ўхшаш муҳокама йиғилиши ташкил этилди. Жиноятчиликнинг келиб чиқиш омиллари, профилактика ишларининг ҳолати ва аҳоли билан мулоқотни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилиш якунида аниқ вазифалар белгиланиб, шахсий таркибга тегишли кўрсатмалар берилди.
Бухоро шаҳрида ўтказилган йиғилишда жорий йилнинг шу даврига қадар содир этилган жиноятлар таҳлил қилинди. Маҳаллалардаги криминоген вазият, профилактика ишлари, хизмат интизоми ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар танқидий кўриб чиқилди. Йиғилишда, шунингдек, ходимларга қонунийлик ва хизмат интизоми юзасидан зарур талаблар етказилди.
Хулоса ўрнида, ўтказилган кенгайтирилган йиғилишлар давомида ҳар бир туман ва шаҳарда мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, аҳоли осойишталигини таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди. Вилоят миқёсида бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш, барча даражадаги масъул ташкилотлар ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлаш ҳамда профилактика ишларини кучайтириш асосий устувор йўналиш сифатида белгиланди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати








