Ички ишлар вазирлиги Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментида Мустақиллигимизнинг 34 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди
2025-09-04 16:25:00 / Янгиликлар

«Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» шиори остида ташкил этилган ушбу тадбир юртга бўлган садоқат, миллий қадриятларга эҳтиром ва фидойилик ғояларини янада мустаҳкамлашга қаратилди.
Тадбирни Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Мирзарахимов Баходир Юлдошевич очиб, йиғилганларни мустақиллигимизнинг 34 йиллиги билан қутлади ва ходимларга машаққатли, шу билан бирга шарафли касбларида улкан муваффақиятлар тилаб, Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ортида кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг меҳнати турганлигини, туну кун хизмат қилаётган ходимлар ўз хизматига сидқидилдан ёндашаётгани, ҳаттоки, давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътироф этилаётгани таъкидлаб ўтдилар.
Табрик нутқидан сўнг, Ватанимиз тинчлиги ва эл-юрт осойишталигини таъминлаш йўлидаги кўп йиллик фидокорона хизматлари, жиноятчиликка қарши курашиш ва уни олдини олишдаги самарали меҳнатлари, шунингдек, хизмат бурчини бажаришда кўрсатган мардлик ва жасорати учун бир гуруҳ ходимлар мукофотланиб, узоқ йиллар давомида ватан тинчлиги ва осойишталиги учун хизмат қилган ходимлар нафақага кузатилди.
Тадбир якунида Ички ишлар вазири ўринбосари барча шахсий таркибни ва мукофотланганларни яна бир бор табриклаб, ушбу эътирофлар ходимларнинг келгуси хизматларини янада шижоат билан давом эттиришларига катта туртки бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.


