Ички ишлар органларида “Энг яхши терговчи” кўрик-танловининг шаҳар босқичи якунланди
2025-09-04 11:30:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича Республика танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарори ижроси Тошкент шаҳар ИИББ томонидан даврий равишда таъминланиб келинмоқда. Ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ходимларининг касбига бўлган ижобий муносабатини, ўзаро соғлом рақобат сифатларини шакллантириш, вазифаларига сидқидилдан ёндашувини рағбатлантириш, энг яхшиларини аниқлаш, белгиланган вазифаларни аъло адо этишдаги хизматлари учун уларни муносиб тақдирлаш орқали ибрат кўрсатиш борасида кўрик-танловлар ташкил этиш йўлга қўйилган ва бу ўз самарасини бермоқда.
Навбатдаги “Энг яхши терговчи” номинацияси бўйича кўрик-танлов пойтахт ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган тергов ходимлари ўртасида ўтказилди. Туманлар кесимида ўтказилган танловда аниқланган 13 нафар тергов билимдонлари шаҳар босқичида синовнинг бешта йўналиши бўйича куч синашишди. Баҳс иштирокчилари ижтимоий, жанговар тайёргарлиги кўникмалари, IQ даражаси, индивидуал-психологик сифатларини аниқлашга қаратилган саволларга жавоб бердилар. Шунингдек, ҳакамлар ҳар бир терговчи томонидан тайёрланган хизмат жараёнлари, фаолиятидаги ютуқларни акс эттирувчи слайд, видеоролик, фотоальбомлар билан танишиб, якка тартибда суҳбатлар ўтказиш орқали иштирокчиларнинг билим ва малакаларини холислик билан баҳолаб боришди. Ҳар бир синов бўйича йиғилган баллар йиғиндиси бўйича 92.0 балл билан 1-ўрин Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси “Йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш” бўлими катта терговчиси, капитан Беҳзод Иброҳимовга; 90.5 балл билан 2-ўрин Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Диёрхўжа Ходжаевга; 3-ўрин 86.5 балл билан Юнусобод тумани ИИО ФМБ 5-сонли ИИБ Суриштирув гуруҳи суриштирувчиси, лейтенант Покиза Отамуродовага насиб этди. Улар тегишли диплом ва пул мукофотлари қаторида кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланмаларни қўлга киритишди. Тергов билимдонларини эришилган муваффақиятлар билан самимий табриклаб, финал босқичида пойтахт ИИББ шарафини муносиб ҳимоя қилиб ғолибликни қўлга киритишларини тилаб қоламиз.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати




