Тўйхат ўрнида. Эл ардоғидаги инсон
2025-09-02 08:35:00 / Янгиликлар

Хизмат фаолиятини Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлимида инспектор лавозимида бошлаган лейтенант Раҳимбой Сапаров устозлари Болтабой Бобожонов, Отабой Искандаров, Раҳимбой Султоновларнинг насиҳатларига қулоқ тутди. Дастлаб соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қунт билан ўрганди. Хизмат интизомига қатъий амал қилди. Зиммасига юклатилган вазифаларни ўз вақтида бажаришга интилди. Корхона ва ташкилотларда, маҳаллаларда ўтказилган профилактик-тарғибот тадбирларида фаол иштирок этди.
Вилоят ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлими бошлиғи лавозимида хизмат қилиб, кадрларни танлаш, уларнинг билим ва касбий маҳоратини ошириш, ижтимоий ҳимоя қилиш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларга муносиб хизмат шароитини яратиб беришга алоҳида эътибор берди.
Икки ўғли — Шуҳрат ҳамда Фарҳод Сапаровлар ота изидан бориб, ички ишлар органлари сафида хизмат қилишяпти. Инсон ҳалол меҳнати, ибратли ва хайрли ишлари билан обрў-эътибор, ҳурмат топади. 32 йил ички ишлар органларида самарали хизмат қилган Раҳимбой Сапаров ибратли ҳаёти давомида меҳнатсеварлик, хушмуомалалик, самимийлик каби ажойиб фазилатлари билан кўпчиликнинг ҳавасини келтирди.
- Шу касб ортидан эл танидим, юртга танилдим. Тўғри, хизматнинг ўз машаққату заҳмати бор. Лекин бу қийинчилик халқимиз тинчлигини таъминлаш йўлида бўлса, икки ҳисса шарафли ҳамда фахрли ишга айланади. Атрофдагилар, шогирдлар тез-тез йўқлаб туришади. Бундан ортиқ бахт борми? — дейди Раҳимбой ота.
Худойберган ЖАББОРОВ, ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
