Тошкент шаҳар ИИББда Мустақиллик байрамининг 34 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди
2025-08-31 10:00:00 / Янгиликлар

Юртимиз Мустақиллиги ҳар йили кенг шодиёна билан нишонланади. Барча ташкилот ва жамоаларда, маҳалла ҳамда қишлоқларда халқимиз ушбу байрамни қувонч ва шодлик ила кутиб олади. Мана шундай байрам тадбири “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган бош ғоя асосида пойтахт ИИББда ҳам бўлиб ўтди.
Байрамни кириш сўзи билан очган Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев Ички ишлар вазирнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг Р.Султанходжаев барча ходимларни, фахрийларни, хизмат вазифасини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини ва бутун халқимизни Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги билан самимий табриклади.
Юртимизда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бериб, мамлакатимиз тинчлиги бутун дунёда тан олинаётганлиги, кўплаб халқаро форумлар ва бошқа нуфузли тадбирлар, мусобақалар ўтказилаётгани хорижий инвесторлар ва туристларни юртимизга янада кўпроқ жалб этмоқда.
Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ортида кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг меҳнати турганлигини, туну кун хизмат қилаётган ходимлар ўз хизматига сидқидилдан ёндашаётгани, ҳаттоки, давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътироф этилаётгани таъкидланди.
Кўрсатилган ҳар бир фидойилик, ўз қасамёдига содиқ қолиб халқ учун беминнат хизмат қилаётган ходимлар давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб келмоқда.
Бу сафар ҳам мустақиллик байрами арафасида ички ишлар идоралари ходимларининг бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида “Дўстлик” ордени билан мукофотланган Тошкент шаҳар ИИББ ходимасининг борлиги эса янада ғурур бахш этади.
Маросимда халқимиз осойишталигини сақлаш, қонун устуворлиги ва тинчликни таъминлаш, жамоат тартибини мустаҳкамлашдек шарафли бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатган Тошкент шаҳар ИИББ ва унинг қуйи тизимидаги бир гуруҳ ходимларига ИИВнинг идоравий кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, узоқ йиллар давомида ИИО сафида хизмат қилган ходимларни нафақага кузатиш маросим ҳам бўлиб ўтди.
Тантанали маросимидан сўнг байрам тадбирининг бадиий қисми бўлиб ўтди.
Унда Тошкент шаҳар ИИББ “Ниҳол” жамоаси томонидан театрлаштирилган бадиий-саҳна намойишлари тақдим этилиб, йиғилганларнинг олқишларига сазовор бўлди. Ватан, дўстлик, меҳр-оқибатни тараннум этувчи куй-қўшиқлар эса тадбир иштирокчиларига байрам кайфиятини улашди.
Тадбир сўнгида хизмат вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларига эҳтиром кўрсатилди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати









