Оила ва жамият. Нотинчлик барҳам топди
2025-08-30 04:15:00 / Янгиликлар

Қўшкўпир туманида хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш, улар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ходимлар ҳар бир маҳаллада оилаларни ўрганиш жараёнида аёлларнинг ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллик даражасини аниқлаш билан бирга, уларнинг турмуш тарзи, ижтимоий аҳволи ҳамда муаммоларини ҳам ўрганишмоқда. Айниқса, доимий иш ўрнига эга бўлмаган аёлларни ўқитиш, касб-ҳунарга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб этиш, оила-турмуш муносабатлари доирасидаги низоларни аниқлаш ва бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
— Туманимизда яшовчи 141 та нотинч оила ҳисобга олинган бўлиб, улар билан мунтазам равишда профилактик суҳбатлар олиб бориляпти, — дейди туман ИИБ ЖХХ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор, подполковник Гулноз Ғуломова. — Натижада 85 та оилада соғлом муҳит яратилишига эришилди. Тазйиқ ва зўравонликка учраган 140 нафар хотин-қизга «ҳимоя ордери» берилди. Ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлган 78 нафар аёлга қонун талаблари тушунтирилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида хотин-қизлар томонидан жиноят содир этилиши камайишига эришилмоқда.
Оила — муқаддас даргоҳ. Унга мунтазам эътибор, доимий ғамхўрлик зарур. Аммо баъзи ота-оналарнинг ҳали мустақил ҳаётга тайёр бўлмаган фарзандларини эрта турмуш қуришга хайрихоҳ бўлаётгани баъзан кўнгилсизликларга сабаб бўляпти. Аниқроғи, ҳали ҳаёт ташвишларини тўла англаб етмаган ёшлар арзимаган сабаблар туфайли ажрим ёқасига келиб қолишмоқда.
- Яқинда қўшнимиз хонадонида нотинчлик бўлди, — дейди маҳалла фаолларидан бири. — Билсак, никоҳ тўйига бир ой ҳам бўлмаган ёш келинчак уй-рўзғор ишларига қарашмай қўйган. Ҳатто насиҳат бермоқчи бўлган қайнонасини турли ноўрин сўзлар айтиб ҳақорат қилган. Қайсар келин охир-оқибат турмуш ўртоғининг ҳам гап-сўзларига кирмай отасиникига кетиб қолган. Қизининг кўз ёш тўкиб келганини кўрган ота-она унга насиҳат қилиш ўрнига, қудалари билан айтишиб, «сан-ман»га боришган. Ҳар иккала томонни ҳам маҳалла фуқаролар йиғини биносига таклиф қилдик ва уларни ўзаро муросага келиб яшашга, ёш оила бузилиб кетмасликка чақирдик. Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор ҳам уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берди. Ҳамкорликда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида оиладаги келишмовчилик барҳам топди.
Худойберган ЖАББОРОВ, ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
