“Ижтимоий ҳимоя ойлиги” доирасида Вазирлик Маданият саройида Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун концерт дастури ташкил этилди
2025-08-29 19:40:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органларида август ойи “Ижтимоий ҳимоя ойлиги” сифатида ўтказилмоқда. Шунингдек ойлик давомида ички ишлар органлари шахсий таркиби ва уларнинг оила аъзолари учун турли маданий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Шу доирадаги кейинги тадбир мустақиллигимизнинг 34 йиллигига бағишлаб Вазирлик Маданият саройида “Инсон қадри учун” шиори остида бўлиб ўтди. Тадбирда юртимиздаги таниқли санъат усталари ҳамда Вазирликнинг ашула ва рақс ансамбли ижрочилари саҳнага чиқишди. Улар томонидан ранг-баранг мусиқий ва бадиий чиқишлар намойиш этилди.
Ватанпарварлик руҳидаги тароналар иштирокчиларга кўтаринки кайфият ва яхши таассуротлар улашди. Ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг яқинлари миллий ва замонавий санъат уйғунлигидан баҳраманд бўлиб, маънавий ҳордиқ чиқариш имкониятига эга бўлдилар.
Ушбу концерт мустақиллик байрами арафасида томошабинларга муносиб туҳфа бўлди.









