Эксперт-криминалистларнинг энг яхшиси аниқланди
2025-08-29 11:25:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан Бош бошқарма аппарати, ҳудудий бўлинмаларида фаолият юритаётган ходимларнинг касбий-жанговар маҳоратини ошириш, ходимлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, рағбатлантириш орқали касбига бўлган ижобий муносабатни юқори поғоналарга кўтариш мақсадида соҳа ходимлари ўртасида турли кўрик-танловлар ўтказилиб, соҳанинг энг яхшиси, маҳоратлилари эътироф этиб келинади.
Навбатдаги “Энг яхши эксперт-криминалист” кўрик танловининг ўтказилиши ана шу мақсадларни ўзида мужассам этди. Уч босқичда ўтказилган кўрик-танловда пойтахт ИИББ Эксперт-криминалистика маркази, ЙҲХБ ЭКБ, туманлар ИИО ФМБ Эксперт-криминалистика бўлимларида хизмат олиб бораётган 19 нафар ходимлар иштирок этишди.
Танловнинг биринчи босқичида иштирокчилар ички ишлар органлари низоми, маънавий-маърифий йўналиш, жанговар ва хизмат тайёргарлиги, ўз соҳаларига тегишли бўлган саволлардан иборат тест синовларидан ўтишди. Иккинчи босқичда эса “Калашников” автомати ҳамда “Макаров” тўппончасини қисмларга ажратиш ва йиғишда тезлик ва чаққонликда ўзаро беллашдилар. Учинчи босқичда ходимлар ҳар бир чиптада 4 тадан: 3 та соҳага тегишли, 1 та ички ишлар органлари хизматига оид саволларга жавоб беришди. Сўнгра ҳар бир танлов иштирокчиси билан якка тартибда суҳбат ўтказилди.
Кўрик-танлов сўнггида барча босқич баллари умумлаштирилиб ғолиблар аниқланди. Ҳакамлар бир овоздан 96.6 балл тўплаган Бош бошқарма Эксперт-криминалистика маркази эксперти, лейтенант Дониёр Туламатовни биринчи ўринга, 90.3 балл билан Учтепа тумани ИИО ФМБ ЭКБ эксперти, катта лейтенант Камал Мусаевни иккинчи ўринга, 82.6 балл билан Бош бошқарма Эксперт-криминалистика маркази катта эксперти, капитан Арслон Мансуровни учинчи ўринга лойиқ деб топди.
Касбий билим ва кўникмаларини аъло даражада ўзлаштирган, маҳоратлари ибрат, ўз соҳасининг билимдонлари бўлган ғолиб ходимларни табриклаб, келгуси ишларида омад ва муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати





