Ўқув-амалий семинар. Тергов хизмати: муаммо ва ечимлар
2025-08-28 23:00:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тергов ва суд жараёнларида адолатни таъминлаш масаласи тобора устувор аҳамият касб этяпти.
Жорий йилнинг 5 март куни Давлат раҳбари томонидан Коррупцияга қарши курашиш Миллий Кенгашининг йиғилишида коррупцияга қарши курашиш ва тергов сифатини ошириш бўйича бир қатор топшириқлар берилган эди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев ҳамда Ички ишлар вазири ўринбосари, Тергов департаменти раҳбари, полковник Рамазон Ашрапов иштирокидаги Фарғона вилоятидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар терговчилари учун ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Унда Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ходимлари, Фарғона вилоят прокуратураси масъуллари ҳамда терговчилари, Департаментнинг вилоят бошқармаси терговчилари, вилоят ИИБ раҳбарияти, терговчилари, эксперт-криминалистика маркази ходимлари, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази вилоят филиали мутахассислари иштирок этишди.
Семинарда малакали мутахассис ва экспертларнинг қатор маърузалари эшитилди.
Жумладан, «Судга оид биологик ва ДНК экспертизалари бўйича йўл қўйилаётган хатолар», «Пора олиш жинояти бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби», «Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш жараёнлари: муаммо ва ечимлар», «Йўл транспорт билан боғлиқ ҳодисаларни кўздан кечириш жараёнлари» каби бир неча мавзулардаги маърузалар иштирокчиларнинг билим ва малакасини оширишга хизмат қилди.
Шунингдек, семинар давомида амалий машғулотлар ҳам олиб борилди.
Хусусан, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган воқеа жойини кўздан кечириш ва ҳужжатлаштириш жараёнлари амалий кўринишда намойиш этилиб, маҳорат дарси олиб борилди.
Иштирокчилар ўртасида мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди, амалиётда учраётган айрим муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ўртага ташланди.
Семинар якунида жиноятларни тергов қилишда ўрнак ва намуна бўлаётган, юксак касбий маҳоратини намоён этаётган бир гуруҳ прокуратура ва ички ишлар органларининг терговчилари муносиб тақдирланди.
Бир сўз билан айтганда, бу каби ўқув семинари тергов соҳаси ходимларининг касбий маҳоратини юксалтириш, улар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш билан бирга, жамиятимизда адолат ва шаффофлик мезонларини юқори босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
©️ “Postda” газетаси, Абдувосит Сидиқов, Фарғона вилояти.
