Маҳаллага хавфсизлик, фуқарога хотиржамлик — Давлат раҳбарининг қарор ва топшириқлари ижрода
2025-08-27 16:30:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 3 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сонли қарор мамлакатимизда ижтимоий профилактика тизимининг янги босқичини белгилаб берди. Бу орқали жиноятчиликка қарши курашда мутлақо янги ёндашув — барча масъул идоралар фаолиятини ягона тизим асосида мувофиқлаштириш механизми жорий этилди.
Қарорга мувофиқ, 2025 йилда ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси устувор вазифа этиб белгиланди. Андижон, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги 419 та криминоген вазияти оғир маҳаллада “маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари” ташкил этилди. Бу масканлар 5 тадан оғир вазиятдаги маҳаллага хизмат кўрсатади ва уларга турли соҳалардан — профилактика инспекторлари, тезкор-қидирув хизмати ходимлари, патруль-пост ва йўл-патруль хизматлари, хотин-қизлар ва пробация масалалари бўйича инспекторлар бириктирилган.
Янги тузилмада профилактика бош инспектори лавозими ҳам жорий этилди. Шунингдек, Фарғона ва Тошкент вилоятларида синов тариқасида ички ишлар органларининг тажрибали пенсионер ходимларини шартнома асосида ишга жалб қилиш амалиёти йўлга қўйилди.
Янги қарор билан жорий этилган муҳим ташаббуслардан яна бири — жиноят сабабларини бартараф этиш бўйича тақдимномаларнинг электрон мониторинги ҳамда E-himoya orderi платформаси орқали ҳимоя ордерларини рақамлаштиришдир.
Шу билан бирга, ҳар бир мураккаб маҳалла кесимида алоҳида “йўл хариталари” ишлаб чиқилмоқда ва улар вилоят ҳокими, прокурори, ИИБ раҳбари ҳамда таълим муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланмоқда. Концепция асосида маҳаллаларда 2 нафар профилактика инспектори, 2 нафар патруль-пост наряди ва 1 нафар тезкор ходим доимий фаолият юритиши белгиланган.
Аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ишлар ҳам янги босқичга кўтарилди. 56 876 нафар хотин-қизга ҳимоя ордерлари берилди. Ордер чекловларини бузган 3 158 шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Ҳимоя ордеридан сўнг 23 591 оила яраштирилди, 29 112 та низо сабаблари бартараф этилди.
Профилактик ҳисобда турган 3 653 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилди, 4 172 нафарига ижтимоий ёрдам, 1 009 нафари тиббий кўмак, 370 нафар қиз таълимга қайтарилди. 1 311 хотин-қизга шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тиклашда амалий ёрдам кўрсатилди.
Ички ишлар органларига бириктирилган 17 689 ёш билан индивидуал суҳбатлар ўтказилди. Улардан 3 592 нафарида муаммолар аниқланди ва 56% ҳолатда ижобий ечим топилди. Хусусан, 413 нафар ёш ишга жойлаштирилди, 104 нафарига кредит, 19 нафарга ҳарбий хизмат шартномаси пули тўлаб берилди.
Олиб борилаётган тизимли ишлар самараси ўзини кўрсатмоқда: республика бўйича мавжуд 9 008 та маҳалланинг 48,1 фоизида умуман жиноят содир этилмади. 3 671 та маҳаллада жиноятчилик кескин камайди. Бевосита профилактика инспекторлари 2 346 та жиноятни фош этишга эришди, 284 нафар қидирувдаги шахс қўлга олинди.
“Хавфсиз шаҳар” маркази томонидан маҳаллалар видеокузатув тизими билан қамраб олинмоқда. Жумладан, 1 753 та ақлли камера ва 171 та PTZ қурилмаларини ўрнатиш режалаштирилган.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг 1-сонли қарори мамлакатда жамоат хавфсизлиги, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш борасида мутлақо янги — тизимли, инновацион ва инсонпарвар ёндашувни шакллантирмоқда. Ушбу чора-тадбирлар келгусида ҳам фуқароларимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.









