Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами арафасида бир гуруҳ соҳа фахрийлари муносиб рағбатлантирилди
2025-08-26 11:35:00 / Янгиликлар

Энг улуғ ва энг азиз байрам – мустақиллигимизнинг 34 йиллик шодиёналари арафасида Фарғона вилояти ИИБда тантанали тадбир ташкил этилди.
Унда вилоятимиз шаҳар ва туманларида истиқомат қиладиган бир гуруҳ фаол фахрийлар ҳам иштирок этдилар.
“Устоз-шогирд” анъанасига таянган ҳолда ўзларига бириктирилган ёш профилактика инспекторларига тажрибаларини ўргатиб, амалий ёрдам бериб, вилоятимизни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фахрийларга пул мукофотлари тақдим этилди.
Генерал-майор Азизбек Икрамов фахрийларга мукофотларни топшириш билан бирга, байрам билан табриклаб, келгусида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада самарали ишлашга даъват қилди.
Шунингдек, Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами ҳамда Янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан Фарғона вилояти ИИБ раҳбарияти хайрли ташаббусга қўл урди.
Бошқармада бўлиб ўтган тантанали тадбирда хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандларига бепул ўқув қуроллари тарқатилди.
Шу куни тадбирда иштирок этган болажонлар учун Фарғона шаҳридаги ҳайвонот боғига саёҳат ҳам ташкил этилди.
Сифатли ўқув қуроллари ҳамда мароқли саёҳат болажонларга байрамона завқ улашди.
Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати






