Бухоро вилоятида жиноятчиликнинг олдини олиш ва ижтимоий мослашувни таъминлаш бўйича манзилли ишлар амалга оширилмоқда
2025-08-23 11:25:00 / Янгиликлар

Президент қарорига мувофиқ, маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида Бухоро вилояти ИИБ ва прокуратура раҳбарлари, шунингдек Бухоро шаҳар ИИО ФМБ вакиллари «Шайхул Олам», «Низомий Ганжавий», «Аҳмад Дониш» ва «Садриддин Айний» маҳаллаларига бириктирилди. Бу ҳудудларда «Хавфсиз ҳовли — хавфсиз хонадон» тамойили асосида фуқаролар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов, ИИБ бошлиғи ҳамда прокурор иштирокида ўтказилган йиғилишларда мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва маҳалла фаоллари ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, вилоят ИИБ бошлиғи ва прокурори Пробация назоратида бўлган фуқаролар билан учрашиб, уларнинг ижтимоий мослашуви, иш билан таъминланиши, яшаш шароитлари ва оилавий муаммоларини ўрганди. Учрашувда фуқароларнинг қайта жиноятга йўл қўймаслиги учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ишга жойлашиш, касб-ҳунар ўрганиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида ҳар бир фуқаро билан индивидуал ёндашув асосида ишлаш, профилактик чораларни кучайтириш ва назорат тадбирларини босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам давом эттириш белгилаб олинди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









