Наманган вилоятида хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича ўрганишлар давом этмоқда
2025-08-23 10:15:00 / Янгиликлар

Наманган вилояти ИИБ раҳбарияти ҳамда ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудлардаги «қизил» тоифадаги маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида мунтазам ўрганишлар олиб борилмоқда.
Чортоқ, Уйчи, Давлатобод ва Тўрақўрғон туманларида ўтказилган навбатдаги тадбирлар давомида маҳалла еттиликлари фаолияти таҳлил қилиниб, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари муҳокама қилинди. Баъзи ҳудудларда содир этилган оғир турдаги жиноятлар чуқур ўрганилиб, масъул ходимларнинг сусткашликлари кескин танқид қилиниб, қатъий огоҳлантирилди.
Ўрганишлар чоғида хавфсиз муҳитни шакллантиришга қаратилган «йўл хариталари» ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Туман ИИБ ва Қўриқлаш бўлимлари фаолияти кўриб чиқилди, қўриқлаш хизмати жанговар шайлиги синовдан ўтказилди, маҳалла фаолларига «ташвиш тугмалари»дан фойдаланиш тартиби тушунтирилди.
Якунида масъулларга жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли муаммоларини хонадонма-хонадон ўрганиб самарали ечим топиш, шунингдек, «қизил» тоифадаги маҳаллаларни босқичма-босқич «сариқ» ва «яшил» тоифага ўтказиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати









