Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан фуқаролар ва ходимлар муаммолари эшитилди
2025-08-21 19:45:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги фуқаролар мурожаатларига алоҳида эътибор қаратиб, тизимда очиқ мулоқот ва шаффофликни таъминлаш мақсадида шахсий ҳамда сайёр қабулларни мунтазам ўтказиб келмоқда. Бундай мулоқотлар аҳолининг муаммоларини жойларда тўғридан-тўғри эшитиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ва тизим самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг 20 август куни Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Даврон Назармухамедов навбатдаги шахсий қабулни ўтказди. Тадбир Тошкент шаҳридаги ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти биносида бўлиб ўтди.
Қабул давомида асосан ички ишлар органларида хизмат ўташ, кадрлар билан ишлаш, лавозимга қайта тикланиш, шунингдек, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Мурожаат этган ҳар бир фуқаронинг муаммоси диққат билан эшитилди, тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Айрим ҳолатларда эса масалалар жойида ҳал этилди.
Қабулда иштирок этган фуқароларнинг айтишича, бундай учрашувлар одамлар учун катта имконият яратади.
“Мурожаатим жуда диққат билан эшитилди, муаммомга ечим топиш учун амалий чоралар кўрилди. Бундай қабуллар давлат органларига ишончимизни оширади”, — деди мурожаатчилардан бири.
Яна бир фуқаро эса шундай фикр билдирди: “Аввал бу масалаларни кимга айтишни билмасдик. Энди тўғридан-тўғри раҳбарлар билан мулоқот қилиш имконияти пайдо бўлди. Бу катта ўзгариш”.
ИИВдаги бу ташаббус тизимда инсон манфаатларини устувор қўйиш, фуқароларнинг ишончини мустаҳкамлаш ва аҳоли билан яқин мулоқот ўрнатиш йўлидаги амалий қадам сифатида баҳоланмоқда.



