Тошкент шаҳар Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида “Заковат“ интеллектуал беллашуви ўтказилди
2025-08-21 11:45:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси ИИВ тизимларида хизмат олиб бораётган ходимларнинг маънавий-маърифий онгини юксалтириш, касбий, жисмоний тайёргарлигини мунтазам равишда ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилган.
Маънан баркамол, интеллектуал салоҳиятли инсонлар ватани, халқига сидқидилдан хизмат қилишга онгли равишда ёндашадилар. Ички ишлар органлари, хусусан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида ходимларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини бойитиш, интеллектуал салоҳиятини оширишга катта эътибор берилади. Бош бошқарма унинг таркибий тузилмалари, ҳудудий бўлинмалари ходимлари ўртасида турли ақлий-тафаккур ўйинлари ва мусобақаларнинг ўтказиб турилиши бунга яққол далил.
Пойтахтнинг Олмазор туманида жойлашган “Заковат аренаси”да шундай беллашувларнинг навбатдагиси бўлиб ўтди. Унда Бош бошқарма аппарати, таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмалари шахсий таркибидан тузилган: ҳар бир жамоа олти нафардан ходимни жамлаган, жами 102 нафар ходимдан иборат 17 та жамоа ақлий куч синаш майдонида ўз билим ва тафаккурларини намойиш этдилар. Ўртага ташланган саволларга ажратилган вақтда тўғри ва аниқ жавоб берган жамоалар ғалаба сари имкониятларини ошириб боришди.
Натижада баҳс якунига кўра 1-ўринни Бош бошқарма аппарати жамоаси; 2-ўринни Патруль-пост хизмати бригадаси; 3-ўринни Олмазор тумани ИИО ФМБ билимдонлари эгаллади. Ғолиб ва совриндор жамоаларга тегишли диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Бундай ақл ва тафаккур беллашувлари шахсий таркиб ўртасида билимга рағбат уйғотиб, ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига аминмиз.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати







