Тошкент шаҳар ИИББ Йўл патруль хизмати ҳамда Патруль-пост хизмати ходимларига янги хизмат автомобиллари топширилди
2025-08-21 07:15:00 / Янгиликлар

Юртимиз шиддат билан ривожланган давлатлар сирасидан жой олмоқда. Республикамиздаги барча соҳаларда хусусан, ички ишлар органларида амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар бу одимларга янада жўшқинлик бағишламоқда.
Жумладан, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик борасида уларни барвақт аниқлаш орқали олдини олиш муҳим аҳамият касб этяпти. Шу билан бирга, ички ишлар органлари фаолиятига илғор технологияларни жорий этиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шахсий таркиби ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу масаланинг бир томони бўлса, яна бир томони ходимларнинг ўз вазифаларига виждонан ва сидқидилдан ёндашиши, берилган топшириқларни беками-кўст бажаришлари, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда иш самарадорлигини ошириш бўйича зарурий ва етарли шарт-шароитларни яратишга қаратилганидир. Зотан, иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур, деган нақл бежизга айтилмаган.
Таъкидлаш жоиз, бу борада ҳам қатор эътирофга лойиқ ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда. Куни кеча пойтахт кўчаларида жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш қаторида хизматдаги ходимларнинг бевосита хавфсиз хизматларини ташкиллаштириш мақсадида янги русумдаги, талаб даражасида жиҳозланган 100 та “Cobalt” автомашиналари хизматга сафарбар этилди. Бу автотранспортлар пойтахт кўчаларида жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга катта ҳисса қўшиши тайин. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан самарали хизмат олиб борилиши учун яратилаётган шарт-шароитлар, ажратилаётган куч-воситалар ҳар бир ходимнинг хизматга бўлган муносабатини ўзгартириб, ҳалол ва сидқидилдан хизмат олиб боришга руҳлантириши табиий.
Тошкент шаҳар ИИББ Патруль-пост хизмати бригадасида ташкил этилган тантанали тадбирда сўзга чиққан бош бошқарма бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев ҳар бир ходим ўз хизмат вазифасига виждонан ёндашиши ва сидқидилдан хизмат қилиши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Автомашиналар калитлари тантанали равишда топширилгач, ходимлар хизматга киришдилар.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати



