Касб фидойиси. «Сиздан миннатдорман...»
2025-08-19 13:15:00 / Янгиликлар

Боёвут туманидаги «Соҳил» маҳалласида истиқомат қиладиган Нозима (исми ўзгартирилди) ҳозирда Тошкент Ахборот технологиялари университетининг иккинчи босқич талабаси. Унинг ўқишга кириб, орзулари рўёбга чиқишида маҳалла профилактика инспектори, катта лейтенант Комил Дўстмуродовнинг хизматлари катта бўлган.
Гап шундаки, Нозима юқори синфда ўқиб юрган пайтида ҳамма нарсага қизиқадиган қизга айланганди. Бир куни дугонаси билан дўкондан сигарета харид қилишди. Мактабдан қайтаётиб бир бурчакда тамаки тортиб кўришди. Нозимага дастлаб бу ёқмади. Лекин икки-уч кун ўтгач, яна сигарета чека бошлади.
Бу ҳали бошланиши эди. Дугонаси билан келишиб, Тошкентга айланишга бормоқчи бўлишди. Улар пойтахтда янги очилган университетда уч кунлик консультатив семинарга кетяпмиз, деб уйдагиларни алдашди. Ота-оналари уларнинг гапига ишониб, қўлларига пул беришди...
Ўқувчи қизларнинг мактабга ўқишга келмай қўйганидан хавотир олган синф раҳбари, унинг ортидан профилактика инспектори Комил Дўстмуродов Нозималарникига кириб келди. Асл вазиятдан хабар топган ота-она ғазаб отига минди. Катта лейтенант уларни тинчлантирди. Ўсмир қизларнинг телефон рақамини олиб, улар билан сокин гаплашди. Ваҳима қўзғамади. Кўп ўтмай, уларнинг оталари ҳамроҳлигида пойтахтга йўл олди...
Уйга қайтиб келишгач, Нозима профилактика инспекторининг назоратига олинди. У ҳар куни мактабга келар, давоматни суриштириш асносида қизнинг ўқишидан хабар оларди. Ўзаро суҳбатлардан бирида катта лейтенант Комил Дўстмуродов қизнинг ахборот технологияларига қизиқиши борлигини сезиб қолди. Устозлари билан маслаҳатлашиб, уни дастурчилик йўналишидаги репетиторлик курсига боришга ундади. Нозима дастлаб кўнмади. Сўнг рози бўлди, ўқув курсига қатнай бошлади. Бир ярим йил деганда эса, бир нечта мураккаб дастурлаш тилларида мустақил ишлай бошлади. Қизиқиши ортиб, шу соҳага боши билан шўнғиди. Натижада 11-синфни тугатгач, Тошкент Ахборот технологиялари университетига ҳеч қийналмай ўқишга кирди.
Айтганимиздек, Нозима энди талаба. Ўқишлари яхши, орзулари катта. Бунинг учун ўзи ҳам, ота-онаси ҳам профилактика инспектори, катта лейтенант Комил Дўстмуродовдан жуда миннатдор. Боиси, агар ўшанда уни нотўғри йўлга киришдан профилактика инспектори сақлаб қолмаганида эди, мана шундай натижага эришмаган бўларди.
Абдураҳмон Мустафоқулов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Сирдарё вилояти
