Карантин хизмати. Аҳоли саломатлиги йўлида
2025-08-19 05:15:00 / Янгиликлар

Ёзнинг жазирама иссиғида озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, гўшт ва сут маҳсулотлари, турли тузлама ҳамда салатларни харид қилишда эҳтиёткор бўлмасак, соғлигимиз учун жиддий хавф туғилади. Бунинг учун бозору савдо дўконларида сотилаётган маҳсулотларнинг сифати, санитария-эпидемиологик қоидаларига риоя қилинишига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари бизнинг бу борадаги ишончли посбонларимиз ҳисобланади.
- Яқинда вилоятимиз бўйлаб ўтказилган «Хавфсиз ҳудуд — долзарб 30 кунлик» махсус профилактик тадбирлари давомида шаҳар ва туманлардаги марказий бозорларда жойлашган савдо дўконларида карантин ва санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилиниши текширилди. Ветеринария-санитария қоидалари нормаларини бузганлиги учун 35 нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилди, — дейди гуруҳ командири, капитан Фурқат Ҳусаинов.
Хусусан, 8 июль куни Қоракўл туманида ўтказилган махсус профилактик тадбир давомида «Дарғали» маҳалласида яшовчи Ҳ.Б.нинг хонадонидан 251 кг йирик шохли ҳайвонга тегишли гўшт ва гўшт маҳсулотларини ноқонуний тартибда, ветеринария-санитария қоидаларига зид равишда, тегишли ветеринария ҳужжатларисиз сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланди. Ушбу гўшт маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз деб топилди. Фуқаро Ҳ.Б.га нисбатан МЖтКнинг 109-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Пешку тумани «Дегдевон» маҳалласида яшовчи Э.Ш.нинг яшаш уйида ноқонуний кушхона борлиги соҳа ходимлари томонидан аниқланди. У хонадонидаги қўлбола музлаткичда 15 дона йирик мол боши ва 64 килограмм гўшт ҳамда гўшт маҳсулотларини ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз, санитария қоидаларига риоя этмаган ҳолда сақлаб келаётган экан. Мазкур ҳолат юзасидан туман ВСEЛ ходимлари билан ҳамкорликда далолатнома тузилиб, юқоридагиларнинг истеъмолга яроқлилигини аниқлаш мақсадида вилоят ветеринария лабораториясига жўнатилди.
Шунингдек, Бухоро шаҳридаги Марказий деҳқон бозорида ҳамкорликда ўтказилган тезкор профилактик тадбирларнинг бирида Жондор туманида яшовчи фуқаро ҳеч қандай ветеринария ҳужжатларисиз 1257 кг товуқ гўшти маҳсулотларини олиб кетаётганлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, маҳсулотнинг яроқлилигини аниқлаш учун лабораторияга топширилди.
Умуман, ўтган олти ой давомида гуруҳ томонидан истеъмолга яроқсиз деб топилган 9611 кг гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 1059 кг сут ва сут маҳсулотлари, 7914 кг балиқ, 11800 дона тухум, 3497 кг тузлама ва 3383 кг номаълум шароитда тайёрланган озиқ-овқат савдоси ўз вақтида тўхтатиб қолинди. Шу кунга қадар ветеринария-санитария қоидалари нормаларини бузганлиги учун 206 нафар фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонун устуворлиги таъминланди.
Мирзоқул АҲАДОВ, ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
