«Ижтимоий ҳимоя ойлиги». Кўнгилларни шод этиб
2025-08-17 00:00:00 / Янгиликлар

Вилоят ички ишлар органларида «Ижтимоий ҳимоя ойлиги» уюшқоқлик билан ўтказиляпти.
Фарғона шаҳар ИИОФМБ раҳбарияти томонидан кўп йиллар тизимда самарали хизмат қилган истеъфодаги майор Содиқжон Усмонов ҳамда истеъфодаги капитан Раҳмонжон Усмоновларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларнинг оиласига беминнат ёрдам кўрсатилди.
Айниқса, ички ишлар органларида хизмат қилган ва айни пайтда I гуруҳ ногирони сифатида нафақада бўлган истеъфодаги капитан Расулжон Юнусовнинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Сабаби соҳа раҳбарияти ва бир гуруҳ ҳамкасблар унинг хонадонига йўқлаб бориб, зарур моддий ёрдам кўрсатишди.
Фарғона шаҳридаги 3-сонли ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика инспектори, лейтенант Шоҳруххўжа Ҳошимовнинг ота-онаси кўпдан бери бемор эди. Бошқарма мутасаддилари ушбу нуронийлар ҳолидан хабар олиш ва амалий ёрдам бериш мақсадида уларнинг хонадонига бориб, эзгу дуога мушарраф бўлишди.
Вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ Патруль-пост хизмати батальони туманлараро патруль-пост хизмати отряди раҳбарияти ва шахсий таркиби ҳам ойлик давомида савобли ишга қўл уришди. Хизматдан бўш пайтда ходимлар сафдор Сайдулло Жўраевнинг хонадонида ҳашар уюштириб, қурилиши тугалланмаган бино ва иморатларини битказишга ёрдам беришди.
Шунингдек, ППХ батальонида хизмат қилган марҳум Валижон Қурбоновнинг қандли диабет касаллиги билан оғриб, тўшакка михланиб қолган онасига ногиронлар аравачаси олиб берилди. Саховатдан кўнгли шод бўлган онахон эса ўғлининг сафдошларини дуо қилди.
