Қашқадарё вилоятида “қизил” тоифадаги маҳаллалардаги вазият ўрганилди
2025-08-16 19:55:00 / Янгиликлар

Давлат раҳбарининг жорий йил 19-20 июнь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини бандлигини таъминлаш, криминоген вазияти оғир 62 та “қизил“ тоифадаги маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича берган топшириқлари ижросини таъминлаш бўйича воҳада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Президент Администрацияси томонидан тасдиқланган, вилоятда жорий йил 3-чорагида “қизил” тоифадаги ҳудудларда амалга оширилиши лозим бўлган тадбирларнинг “Йўл хариталари“ маҳаллалар кесимида ишлаб чиқилиб, ижроси бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалиётга жорий этилмоқда.
Яқинда вилоят ҳокими Муротжон Азимов масъул ташкилотлар раҳбарлари билан Қарши шаҳридаги “қизил” тоифадаги “Наво“ маҳалласида аҳоли билан учрашди ҳамда уларни қийнаётган масалалар, хусусан, жиноятларни олдини олиш борасида ўрганишлар олиб борди.
Жараёнда маҳалла еттилигининг ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш борасидаги фаолиятини таҳлил этди. Жиноятларни юзага келтирган шарт-шароитларни муҳокама этиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича еттиликка топшириқлар берди.
Вилоят ҳокими маҳалланинг “Qarshi city” мажмуасида янги “Ҳуқуқ-тартибот маскани” лойиҳаси билан танишди. Масканни тез ва сифатли қуриб фойдаланишга топшириш бўйича масъулларга тавсия ва таклифлар берди. Масъулларга Президентимизнинг ПҚ-1-сонли қарорига асосан, ташвиш тугмаси, аҳоли гавжум бўладиган масканларда видеокузатув ҳамда 360 градус ПТЗ айланали юзни, давлат рақам белгиларни аниқлашга ихтисослашган камералар ўрнатиб, профилактика инспекторига интеграция қилиш топшириғини берди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, масъулларга муаммоларни тезкор ҳал этиш бўйича топшириқ берилди.
Шунингдек вилоят ҳокими масъул ташкилотлар раҳбарлари билан тумандаги “қизил” тоифадаги “Талликурон“ маҳалласи еттилиги билан мулоқотда бўлиб, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш борасидаги фаолиятини танқидий-таҳлил этилди. Маҳаллада содир этилган жиноятлар, бунга шарт-шароит яратган омиллар муҳокама этилиб, келгусида бу каби ҳолатларни олдини олиш ва амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича еттиликка аниқ топшириқлар берилди.






