Қўшқанотлар. Узукка кўз қўйгандек
2025-08-15 00:00:00 / Янгиликлар

Арнасой тумани ИИБ Эксперт-криминалистика гуруҳи катта эксперти, капитан Камол Орипов ва Жиззах шаҳар ИИБ Эксперт-криминалистика гуруҳи катта эксперти, катта лейтенант Жаҳона Аҳроровани яхши биладиганлар уларга нисбатан «Узукка кўз қўйгандек» жумласини қўллайдилар. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки улар хизматда ҳам, оилада ҳам бир-бирини мукаммал даражада тўлдиради.
Айтганча, Жаҳонанинг соҳадаги илк устози — Камол. Мураббий ва шогирд иш жараёнида бир-бирини яхши билиб олишди. Кўп ўтмай, ёшлар қалбида самимий ҳислар уйғонди ва муносабатлар никоҳ риштаси билан мустаҳкамланди. Айни вақтда оилада бир нафар фарзанд улғаймоқда.
Сир эмаски, эксперт-криминалистлик осон ишлар сирасига кирмайди. Негаки, тергов-тезкор гуруҳи таркибида тез-тез воқеа жойига чиқишга тўғри келади. Аксар жиноятлар тунда юз бериши инобатга олинса, улардан бири уйга кеч қайтиши аниқ. Мазкур жиҳат Камол ва Жаҳона учун қийинчилик туғдирмайди. Чунки бундай пайтларда қариндошлар ёрдамга келади. Қолаверса, бу жуфтлик эл осойишталигини асраш шарафли ва машаққатли эканлигини яхши англаган ҳолда, бир-бирига суянч-таянч бўлади.
Дарвоқе, Камол Жаҳонага устозлик қилишда давом этмоқда. Шунданми, икковининг ҳам иши беш. Улар раҳбарият томонидан бир неча бор рағбатлантирилган. Жумладан, жорий йил 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан вилоят ички ишлар органлари ходимлари иштирокида ўтказилган тантанали тадбирда улар намунали оила вакиллари сифатида қимматбаҳо совға билан тақдирланди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ, ўз мухбиримиз.
Жиззах вилояти.
