Қашқадарё вилояти ИИБда Наврўзи олам шукуҳи
2024-03-24 10:55:00 / Янгиликлар

Фасллар келинчаги баҳорнинг энг кўркам ва тароватли барча бирдек орзиқиб кутадиган шодиёнаси — Наврўзи олам айёми муносабати билан Қашқадарё вилояти ИИБда байрам тадбири бўлиб ўтди. Баҳор айёми, табиат янгиланиш фасли, Янги йил, Янги кун элчиси — Наврўз байрамида миллий таомлар дастурхони ёзилди.
Байрам тадбирига бошқарма соҳавий хизматларида хизмат қилаётган ва узоқ йиллик самарали хизматдан сўнг бугунги кунда фахрийлик гаштини сураётган пенционерлар, ички ишлар органларининг ходимлари байрам дастурхонига таклиф этилди.
Тадбирни вилоят ИИБ бошлиғи полковник Абдувохид Исмоилов очиб, Наврўз байрами муносабати билан Ички ишлар вазирининг соҳа ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Муротжон Азимов ҳам соҳа ходимларини Наврўзи олам байрами билан қутлади.
Сўнгра, Ички ишлар органларидаги кўп йиллик фидокорона хизматлари, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва уни олдини олиш ишларига қўшган муносиб ҳиссалари ҳамда «21 март – Наврўз умумхалқ байрами» муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 март кунидаги «Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига биноан Деҳқонобод тумани ички ишлар бўлими «Бешбулоқ» маҳалла фуқаролар йиғинидаги профилактика катта инспектори, подполковник Хусан Абрахматов «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланди.
Бундан ташқари, Ички ишлар вазирининг буйруғига кўра бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимларига «Аъло хизматлари учун», I-II-III-даражали «Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун» кўкрак нишонлари, «Фахрий ёрлиқ», эсдалик қўл соати ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасида кўтаринки кайфият, шод-у хуррамликда нишонлаган Наврўз байрами муносабати билан вилоят ички ишлар бошқармасида катта дошқозонда сумалак солиниб, сумалак сайли ташкил қилинди.
Тадбирда соҳа маликалари томонидан тайёрланган баҳор таомлари, кўклам неъматлари дастурхонга тортиқ этилди. Вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган шаҳодатланган хотин-қизлар ўртасида «Энг пазанда ходима» мусобақаси ўтказилиб, ғолиблар бошқарма раҳбариятининг дипломи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Тадбирда воҳанинг таниқли санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга хуш кайфият улашди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати