Ижтимоий ҳимоя. Эътибор ва ғамхўрлик
2025-08-13 04:30:00 / Янгиликлар

Ижтимоий ҳимоя ҳар бир соҳада муҳим аҳамиятга молик масала бўлиб, моддий ва маънавий кўмак олган ходимлар инсонпарварликдан хурсанд.
Наманган вилоятида ҳам бу борада олиб борилаётган ишлар эътирофга арзигулик. Ички ишлар тизимида хизмат қилаётган ходимлар, меҳнат фахрийлари ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда яшаш шароитларини янада яхшилаш мақсадида ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича комиссия фаолияти йўлга қўйилган.
Жорий йил бошидан буён мазкур комиссияга 206 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 35 таси уй-жой олиш, 51 таси яшаш шароитини яхшилаш учун фоизсиз қарз олиш, 23 таси ижара компенсациясини тўлаб бериш, 46 таси ўзи ёки бетоб яқин қариндошларини операция қилдириш, ортопедик оёқ кийим ва протез-ортопедик маҳсулотлар харид қилиш харажатларини қоплаш, 51 та тўй ва дафн маросимларини ўтказиш масалаларидан иборат.
Мазкур масалаларни ижобий ҳал этиш, амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида комиссия томонидан 15 маротаба йиғилиш ўтказилиб, 62 нафар ходимнинг мурожаати қаноатлантирилиб, бунинг учун 387 млн 524 минг сўм маблағ йўналтирилди. Хусусан, Наманган тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ ижтимоий профилактика гуруҳи катта инспектори, подполковник Тоҳиржон Муродовнинг яшаш хонадонини таъмирлаш учун 46 875 000 сўм ссуда ажратилди.
Саломатлигини тиклаш учун 29 нафар ходимга 256 млн сўм, тўй ва бошқа маросимлар учун 32 нафар ходимга 130 млн сўм, яшаш шароитларини яхшилаш учун 14 нафар ходимга 694 млн 375 минг сўм маблағ ажратилди. Жорий йилнинг июль ойида 56 нафар ходимнинг ижара компенсациялари учун ҳар ойда 73 млн 494 минг сўм пул маблағлари тўлаб берилди.
Шунингдек, вилоят миқёсида ички ишлар органларида ишлаб, пенсияга чиққан 4901 нафар фахрий, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий муҳтожлиги бўйича нафақа тайинланган собиқ ходимларнинг оила аъзолари рўйхати шакллантирилган. Йил бошидан буён ижтимоий ҳимояга муҳтож 650 дан ортиқ фахрий, 26 нафар хизмат вазифаларини бажариш вақтида ҳалок бўлган ходим ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳолидан доимий равишда хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдам бериб келинмоқда.
Бундан ташқари, ички ишлар органларида хизмат қилиб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган фахрий ходимларнинг юбилейлари муносабати билан бошқарма бошлиғи номидан 91 нафар фахрийга табрикнома ва ижтимоий ёрдам кўрсатилиши таъминланди. Фахрийларимиз бу каби эътибор ва ғамхўрликдан миннатдорликларини изҳор этишмоқда.
Илҳомжон ТУРҒУНБОЕВ, катта лейтенант.
Наманган вилояти.
