Касб фидойиси. Иш устасидан қўрқади
2025-08-11 10:00:00 / Янгиликлар

Сирдарё вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати психологи, катта лейтенант Шавқиддин Шерматов 2019 йилда Гулистон давлат университетини психология йўналиши бўйича тугатган.
ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД Учинчи минтақавий ҳудуди 39-манзил колонияда психолог сифатида иш бошлаган лавҳамиз қаҳрамони маҳкумларнинг руҳий ҳолатини яхшилаш бўйича анча тажриба тўплади.
2021 йилда Гулистон шаҳар ИИБга психолог вазифасига ишга ўтади. 2022 йилдан бошлаб эса ҳозирги лавозимида хизмат қилиб келмоқда. Интизомли, ўз ишига масъулиятлилиги билан ном қозонган. Айниқса, унинг ходимлар билан тезда тил топишиши, уларнинг руҳий ҳолатига аниқ баҳо бера олиши эътироф этилади.
Катта лейтенант Шавқиддин Шерматов нафақат бошқарма шахсий таркиби, балки барча туман-шаҳар ички ишлар бўлимлари ва соҳавий хизматлардаги ходимларнинг руҳий-маънавий ҳолати барқарорлигини таъминлашга ҳам масъул. Шу боис тез-тез ҳудудларда бўлиб, ходимлар иштирокида тренинглар, тест синовлари ўтказади. Шу асосда ҳар бир ходимнинг руҳий ҳолатини таҳлил қилади.
- Ходимда агрессивлик, депрессия ҳолати ошганини кўрсатувчи шкала баланд чиқадиган бўлса, аввал ўзимиз у билан шуғулланамиз, — дейди катта лейтенант Шавқиддин Шерматов. -Шундан кейин ҳам ўзгар-иш бўлмаса, шифокорга йўналтирамиз.
Психологга соҳавий хизматлар ва туман-шаҳар ИИБлардан тез-тез маслаҳатлашувлар, мурожаатлар бўлиб туради. Масалан, яқинда Гулистон тумани ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари мурожаат қилиб, ходимлардан бирининг руҳий ҳолати издан чиққанини билдирди. Унда кучли депрессия кузатилган.
Шавқиддин туман ИИБга борганида кечки сафланиш бўлаётганди. Ходимни бир четдан кузатди. Йиғилиш тугагач, уни якка суҳбатга чорлади. 25 ёшлардаги ходим билан суҳбат чоғида унинг оиласида отаси билан муносабатида муаммолар борлиги ойдинлашди. Ходим ўзининг муаммоларини оила раҳбарига очиқ айта олмайди. Натижада стрессга тушиб қолган.
Шавқиддин оилада ота билан муносабатда қандай йўл тутиш кераклигини, оилавий муҳитни бузмасдан, муаммоларини очиқ баён қила олиш усулларини ходимга ўргатди. Бу билан тўхтаб қолмай, унинг оиласида ҳам бўлди. Ота-онаси билан суҳбатлашди. Суҳбатга эҳтиёткорлик билан ўғлини ҳам жалб қилди. Бир соатлик мулоқот чоғида ўғилнинг интилишлари, эҳтиёжларини отасига секин-аста тушунтирди. Натижа кутилганиданда зиёда бўлди. Стрессга тушган ходимнинг кайфияти кўтарилди. Муаммолари ҳам ҳал бўла бошлади.
- Ички ишлар органи ходимининг иш вақти доим тиғиз, — дейди вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари полковник Қаҳрамон Шерматов. — Шу боис у кўпинча шахсий ҳаётини, эҳтиёжларини иккинчи даражага қўяди.
Бу эса депрессияга олиб бориши мумкин. Мана шундай ҳолатларда биз психолог Шавқиддин Шерматовга мурожаат қиламиз. У ўз соҳасининг ҳақиқий устаси.
Ходимларнинг маънавияти, руҳиятини янада юксалтиришда тренингларнинг ўрни катта. Ана шундай тадбирлар ёрдамида ҳар бир ходимга стресс билан курашиш, агрессивлик ўрнига муқобил муносабат яратиш услублари ўргатилади.
Стресснинг олдини олиш учун муаммо ёки ностандарт вазиятга катта муаммо сифатида қарамаслик, совуққонлик билан таҳлил қилиш, масалани ечишнинг бир неча босқичли чораларини ишлаб чиқиш, оғир вазиятлардан қўрқмаслик, аксинча, уларга қарши дадил курашиш зарурлиги кўрсатиб ўтилади.
Шу билан бирга, ҳар бир ходимга оилага, фарзандларга, ота-онага вақт ажратиш зарурлиги тавсия этилади.
Эътиборлиси, жорий йилда ходимларнинг интизом даражаси, хизмат самарадорлиги нисбатан ошишида руҳий барқарорликни таъминлаш мақсадида ўтказилган тренинглар, тадбирлар ижобий таъсир этгани кузатилди.
©️ “Postda” газетаси, Абдураҳмон Мустафоқулов, Сирдарё вилояти.
