Терговни билимдонлар олиб боради. Адолат хизматчилари
2025-08-10 00:45:00 / Янгиликлар

Юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар хавфсизлигини кафолатлаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш муҳим вазифалардан бирига айланган. Узун тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи ходимлари ҳам худди шу эзгу мақсад йўлида сидқидилдан хизмат қилмоқдалар.
Гуруҳ таркибидаги тажрибали мутахассис — катта терговчи, майор Ҳақназар Сафаров ва суриштирувчи, лейтенант Достон Холмуродов йил бошидан буён юздан зиёд жиноят ишларини кўриб чиқиб, уларнинг ҳар бири юзасидан холис ва қонуний қарорлар чиқарилишига эришишди.
Фаолият жараёнида асосан йўл-транспорт ҳодисалари, фирибгарлик, гиёҳвандлик моддалари муомаласи ва уларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятлар чуқур ўрганилиб, ҳар бир ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилди. Бу эса нафақат жиноятнинг фош қилиниши, балки айбдор шахсларнинг қонуний жавобгарликка тортилишида ҳам муҳим аҳамият касб этди.
- Сўнгги пайтларда кибержиноятлар сони сезиларли даражада ортиб боряпти, — дейди майор Ҳақназар Сафаров. — Интернет орқали фирибгарлик ҳолатлари, шахсий маълумотларни ўғирлаш каби ҳолатлар кўпаймоқда. Аксарият фуқаролар соддалиги ва ишонувчанлиги туфайли кибержиноятчиларнинг тузоғига илинмоқда. Шу боис биз профилактик тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Дарҳақиқат, тергов гуруҳи ходимлари профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда маҳаллаларда киберхавфсизликка бағишланган учрашувлар, очиқ суҳбатлар, тарғибот тадбирларини ўтказиб келмоқдалар. Улар орқали фуқаролар орасида ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш, айниқса, интернетдан хавфсиз фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш мақсад қилинган.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, олиб борилган тизимли ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан туманда ўғрилик ва вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони кескин камайди.
Яна бир муҳим натижа — қидирувда бўлган бир фуқаро тергов гуруҳи ходимлари томонидан қўлга олиниб, қонун ихтиёрига топширилди.
Нафсиламрини айтганда, туманда жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсиз муҳит яратиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ўз натижасини бермоқда. Бу жараёнда тергов гуруҳи ходимларининг фидокорона меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ.
Феруза РАҲМОНҚУЛОВА, ўз мухбиримиз.
Сурхондарё вилояти.
