Фарғона вилоятида ўтказилган комплекс инспекторлик текшируви натижалари ўрганилди
2025-08-09 20:40:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Давлат раҳбарининг топшириқларига асосан, бу борада барча ҳудудларда, хусусан, Фарғона вилоятида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилоятда комплекс инспекторлик ўрганишлар олиб борилди. Хусусан, вилоятининг барча ҳудудлари, шу жумладан Учкўприк, Бувайда ва Сўх туманлари ҳамда Марғилон шаҳри ички ишлар бўлинмаларида соҳа вакилларининг қонунбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган фаолияти ўрганилди.
Жараёнда, вилоят ички ишлар бошқармаси алоқа ва ахборотлаштириш бўлими фаолияти ҳамда янги қурилаётган ситуацион марказда амалга оширилаётган ишлар, замонавий ситуацион марказнинг лойиҳа-режаси тақдимоти ҳам ўтказилди.
Шунингдек, ходимларнинг хизмат вазифаларини унумли бажаришлари учун яратилган шарт-шароитлар, мавжуд имкониятлар, жисмоний ва жанговар тайёргарликни юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилиб, уларнинг касбий тайёргарлигини ошириш, қайта тайёрлаш, малакаларини ошириш ҳамда жамоат тартиби ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш борасида зарур тавсиялар берилди.
Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи, Учкўприк, Бувайда туманлари ҳамда Марғилон шаҳар ички ишлар бўлимларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни танқидий-таҳлил қилди. Мазкур ҳудудларда объектларини қўриқловга олишнинг сустлиги, тарғибот ишларининг етарли олиб борилмаётганлиги, «оғир» тоифадаги маҳаллаларга бириктирилган раҳбарларнинг ишлари назоратсиз қолганлиги, оқибатда профилактик ишлар қониқарли даражада эмаслиги танқид қилинди. Бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан яхшилаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун зарур кўрсатмалар берилди.
Бувайда тумани ички ишлар бўлимида ўтказилган тақдимотда жиноятчиликни жиловлаш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш борасида олиб борилаётган ишлар билан бир қаторда, ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан йўлга қўйилган тажрибага алоҳида эътибор қаратилди.
Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи Сўх туманида ҳам бўлиб, жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди, чегара ҳудуд аҳолиси билан мулоқот ўтказди. Жараёнда, «Ғазнов» маҳалласи еттилиги ва фаоллар билан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жиноятчиликни барвақт олдини олиш ҳамда Давлат раҳбарининг тегишли топшириқларини ижросини таъминлаш борасида зарур тавсиялар берилди.
Текширувлар давомида маҳаллаларда олиб борилаётган профилактик ишлар, аҳоли билан мулоқотлар, мурожаатлар билан ишлашнинг аҳволи ҳамда маҳаллаларда жиноятчиликни барвақт олдини олиш тизимининг реал ҳолати таҳлил қилинди. Ёшлар, хотин-қизлар ва ишсиз фуқаролар ўртасидаги жиноятчиликка барҳам бериш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Маҳаллаларда фаолият юритаётган профилактика инспекторларининг хизмат самарадорлиги, маҳалла еттилиги ва фаоллари билан ҳамкорлиги, аҳоли ўртасида ҳуқуқий онгни ошириш ишлари ҳам ўрганилди. Жойларда «хонадонбай» усулида ишлаш, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан зарур тавсиялар берилди.









