Мустақиллик — менинг тақдиримда. Юрт ишқида
2025-08-08 23:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган сана менинг тақдиримда ҳам алоҳида ўрин тутади. Сабаби, худди шу йили мен ҳам орзуйимдаги соҳада — ички ишлар органлари тизимида илк хизмат фаолиятимни бошладим. Балки шу боисдан бўлса керак, зиммамдаги масъулиятни доимо ҳис қилиб тураман. Хизматим давомида «Истиқлолимизни асраш — менинг бурчим!» деган шиор билан ишлайман.
Ўша кунлар ҳали ҳамон эсимда: 1991 йили ҳозирги Яккасарой тумани ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлимида оддий милиционер лавозимида хизмат бошлаганман. Фаолиятим давомида ички ишлар органларининг турли соҳаларида ишладим. Айни пайтда Яккасарой тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғининг ташкилий масалалар бўйича ўринбосариман.
Ҳудудда жойлашган маҳаллаларда истиқомат қилаётган 33 минг нафарга яқин аҳолининг осойишталигига масъулман. Фуқаролардан тушаётган мурожаатларни қабул қилиб, уларнинг ижросини таъминлаб келмоқдаман.
Бугунги кунда кўпчиликни ташвишга солаётган жиноят фирибгарликдир. Айниқса, «olx. uz» платформасидаги ёлғон эълонларга алданиб, чув тушаётганлар кўп. Шу боис ҳудудда тез-тез фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган очиқ мулоқотлар ташкил этиб келинмоқда.
Тизимда хизмат қилаётганимга деярли 35 йил бўлибди. Аслида, ички ишлар органи ходими бўлиш катта шараф, чунки бу касб эгаларига халқимиз ишониб юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлашдек масъулиятли вазифани юклаган. Буни шогирдларимга кўп такрорлайман.
Шунингдек, халқнинг ишончини оқлаш, ҳалол хизмат қилиш, зиммасидаги масъулиятни чуқур англаш кераклигини таъкидлайман. «Ортингда бутун Ўзбекистон халқи турганини ҳис эт, керак бўлса, жонингни аяма, шунда юксак шарафга эришасан, ҳурмат-эътиборга сазовор боласан», — дейман.
Мустақилликнинг дастлабки йиллари билан бугунги кунни, бугунги даврни таққослаб бўлмайди, албатта. Ҳар соҳада янгиланиш, ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, ички ишлар органлари тизимида ҳам. Буни биз чуқур англаган ҳолда, ёш кадрларни она Ватанга муҳаббат ва бурчга садоқат руҳида тарбиялашимиз, ким юртини севса, ишида унум, топганида барака бўлишини уқтиришимиз лозим.
©️ “Postda” газетаси, Илҳом Холмирзаев, подполковник.
