Юртимизда бўлиб ўтган У19 ўсмирлар ўртасидаги волейбол бўйича Жаҳон чемпионати якунлари сарҳисоб қилинди
2025-08-06 20:25:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ҳузурида жорий йилнинг 24 июлдан 4 августгача пойтахтимиз Тошкент шаҳрида юксак ташкилий даражада ўтказилган У19 ўсмирлар ўртасидаги волейбол бўйича Жаҳон чемпионати якунлари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Ушбу мусобақа нафақат мамлакатимиз спорт тарихида, балки халқаро миқёсдаги спорт дипломатиясида ҳам муҳим саҳифани очди. Йиғилишда мазкур нуфузли мусобақада 24 давлатдан келган 288 нафар спортчи иштирок этганлиги таъкидланди. Уларнинг ўйинлари устувор профессионал мезонлар асосида баҳоланиши учун мусобақага 56 нафар халқаро ҳакам ва 50 нафар маҳаллий ҳакам жалб этилди. Шубҳасиз, бу улкан миқёсдаги тадбирнинг ҳар бир дақиқаси синчков режа, изчил тартиб ва садоқатли хизмат билан таъминланди.
Шу билан бирга, 50 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий журналистлар, жумладан CNN, BBC каби дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари чемпионатни ёритишда фаол иштирок этиб, юртимизнинг спорт салоҳияти ва ташкилий маданиятини дунё жамоатчилигига кенг намойиш қилдилар. Юртимиздаги барча телевидение, радио, газета ва интернет нашрларида воқелик оператив, профессионал ва кенг қамровда ёритилди.
Мусобақа давомида 120 дан ортиқ волонтёрлар жамоатчилик билан алоқа, меҳмонларни кутиб олиш, йўналтириш ва ҳар томонлама кўмак бериш борасида фидойилик намуналарини кўрсатдилар. Уларнинг инсоний илиқлиги, мулоқот маданияти ва чексиз масъулияти халқаро меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.
Албатта, ушбу мусобақанинг хавфсиз ва тартибли ўтишида Ички ишлар вазирлиги ходимларининг ҳиссаси беқиёс бўлди. Улар барча учрашувлар, машғулотлар, расмий тадбирлар давомида спортчилар, делегациялар, меҳмонлар ва томошабинлар хавфсизлигини таъминлашда юксак масъулият, профессионал тайёргарлик ва фидойилик намунасини кўрсатдилар. Уларнинг эрта тонгдан кечга қадар, баъзида эса туну кун давом этган узлуксиз хизматлари туфайли мусобақа бирорта фавқулодда ҳолатсиз, мутлақо тартибли ва сокин муҳитда якунланди.
70 нафардан ортиқ ходим фаолият олиб борган оператив штаб ҳар қандай кутилмаган вазиятга зудлик билан жавоб қайтариб, мусобақанинг барқарор ва узлуксиз давом этишини таъминлади.
Бундан ташқари, спорт делегацияларининг ўз вақтида ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида 24 та катта автобус, 10 та микроавтобус ва 30 дан ортиқ енгил автомобиллар сафарбар қилиниб, йўловчи ташиш хизматлари юқори даражада ташкил этилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, чемпионатни кузатган «FIVB» расмий делегацияси Ўзбекистоннинг ташкилотчилик салоҳиятини чуқур эътироф этиб, юртимизни келгусида ҳам ана шундай нуфузли халқаро мусобақаларга тўлиқ тайёр деб баҳолади.
Йиғилиш сўнгида ҳар бир хизмат кўрсатган юртдошимизнинг ҳалол меҳнати, ватанпарварлиги ва юксак масъулияти мужассамлиги алоҳида таъкидланди. Журналистлар, волонтёрлар, ҳуқуқ-тартибот ходимлари, техник ва тиббий хизмат вакиллари, таржимонлар, ҳайдовчилар, штаб ходимлари ва бошқа барча фидойиларга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти номидан чуқур миннатдорчилик билдирилди.


