Махсус тайёргарлик ўқув марказида мутахассисларни тайёрлаш механизмлари мутлақо янги босқичга олиб чиқилади
2025-08-06 15:00:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг ташаббуслари билан ташкил этилган ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармасининг Махсус тайёргарлик ўқув марказида барпо этилган янги ва замонавий мажмуанинг тантанали очилиш маросимида Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, фахрийлар ва соҳавий хизмат раҳбарлари иштирок этди.
Фахрийлар томонидан рамзий тасмалар кесилиб янги бино расман очиб берилди. Бинода асосий урғу тингловчиларни назарий билимларини илғор кўникмалар асосида шакллантиришга қаратилган. Маърузалар ва гуруҳ таркибида машғулотлар ўтиш, лаборатория ўқув хоналари билан бирга ётоқхоналарда ҳам барча шароитлар яратилган.
Таъкидлаш жоизки, айни вақтда махсус операцияларни ўтказиш, сапёрлик иши, кинология бўйича ходимларни қисқа вақтда тайёрлашга ихтисослаштирилган ўқув марказида нафақат ички ишлар органлари балки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ҳарбий тузилмалар билан ҳамкорликда сайёр ўқувлар ҳам ташкил этилмоқда. Бундан ташқари марказ мутахассислари томонидан ҳудудларда ҳам ўқув машғулотлари ўтказилиб, бу борада самарали натижаларга эришилмоқда.
Ҳозирда ўқув марказида юқори малакали илмий ходимлар томонидан тадқиқот ишлари ҳам олиб борилмоқда. Ташриф буюрганлар учун хизмат итларини масофадан бошқариш, симуляцион машғулот майдони каби янги лойиҳалари тақдимот қилинди.
Вазирлик раҳбарияти томонидан амалий машғулотларни тўлиқ шаҳар шароитига мослаштириб, замонавий таҳдидларга қарши курашиш борасида энг сўнгги жараёнларни илмий жиҳатдан пухта ўрганиш бўйича топшириқлар берилди.
Келгусида Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармасининг Махсус тайёргарлик ўқув маркази замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллаган, ҳар томонлама хизматга шай, етук мутахассисларни етказиб берувчи маскан сифатида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ўзига хос ўринга эга бўлади.









