Орамиздаги қаҳрамонлар. Мард посбонлар жасорати
2025-08-04 15:30:00 / Янгиликлар

Вобкент тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика катта инспектори, майор Суҳроб Эргашов 7 июль куни ўзи хизмат олиб бораётган «Халач» маҳалла фуқаролар йиғини Чойхона қишлоғида яшовчи, 1970 йилда туғилган Ж. Ҳусеновнинг ҳаётини сақлаб қолди. Гап шундаки, фуқаро Ж. Ҳусенов офтоб тиғида ишлаганидан қон босими ошиб, тилининг орқага кетиши натижасида уйи олдидаги зовур ёнида ҳушидан кетади. Майор С. Эргашов айнан шу пайтда қишлоқда тарғибот ишларини олиб бораётганди. Бу хабарни эшитгач, ёрдамга шошилади. Фуқаронинг томир уришини текширади, сўнгра дарров автомашинасига ўтқазиб, 10-сонли ҚВПга олиб боради. Шифокорларнинг тезкор тиббий муолажалари натижасида фуқаро ҳаётга қайтарилади.
Бухоро шаҳар ИИОФМБ 1-сонли ИИБ ЖХХ ҲПБ профилактика катта инспектори, майор Мадиёр Ҳакимов эса 9 июль куни соат 12:00лар атрофида Баҳоуддин Нақшбанд номли маҳалладаги 26-кўп қаватли уйнинг 5-қаватида ёнғин содир бўлганини эшитиб, маҳалла раиси билан ҳодиса жойига етиб боради. Тезкор ҳаракат билан зиналардан одимлаб, олтинчи қаватга кўтарилади. Фуқаро эшигини очгач, шу уйнинг балконидан уй эгаси узатган сув билан ёнғинни ўчирди. Натижада кўплаб одамларнинг ҳаёти ва мол-мулки сақлаб қолинди.
Майор Суҳроб Эргашовнинг укалари Сардор (истеъфодаги катта сержант) ва Шоҳрух (кичик сержант) ҳам ички ишлар ходимлари.
Бухоро давлат университетини тугатган С. Эргашов уч йил 24-сонли умумий ўрта таълим мактабида жисмоний тарбия фанидан ўқувчиларга сабоқ берди. Ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 2013 йилда вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони 3-отрядида сафдор ходим лавозимида бошлади. 2016 йилдан ҳозирги кунгача қаҳрамонимиз Вобкент тумани ИИБда вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор, профилактика инспектори, катта инспектори вазифаларида самарали фаолият кўрсатмоқда. У хизмат олиб борган маҳаллаларнинг барчасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини камайтиришга эришди. Хусусан, айни пайтда хизмат кўрсатаётган «Халач» маҳалласи ҳам икки йилдан бери «яшил» тоифада.
Майор С. Эргашов учун 2022 йил омадли келди. Ўшанда у февраль ойида содир этилган, анча шов-шувга сабаб бўлган томчилатиб суғориш насос агрегатлари ўғриларини қўлга туширган эди. Унинг саъй-ҳаракати туфайли бир кечанинг ўзида тўртта жиноят фош этилди. Ўғрилар насос агрегатлари ва электрошитларни ечиб олиб кетишаётган экан. Шундан биттаси Ғиждувон туманининг «Гулистонобод» маҳалласи ҳудудидаги фермер хўжалигидан, яна биттаси Когон тумани «Когон» маҳалласи ҳудудида жойлашган фермер хўжалигидан ўғирланганди. Бу ҳали ҳаммаси эмас экан. Мазкур ҳолатлар аниқлангач, бирин-кетин республика бўйлаб содир этилган ўғриликлар ҳам очилди. Мисол учун, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ҳамда вилоятимизнинг Пешку, Ромитан, Қоракўл туманларидаги қирққа яқин жиноятлар фош этилди.
Шу йили майор Суҳроб Эргашов кўрсатган жасорати учун Ички ишлар вазирининг эсдалик қўл соати билан тақдирланиб, имтиёзли равишда ИИВ Академиясининг сиртқи таълим йўналишида ўқишга кирди. Шунингдек, вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан пул мукофоти ва туман ҳокимининг қимматбаҳо совғасини олди...
Майор Мадиёр Ҳакимов 1986 йили Когон туманида туғилган. У Бухоро давлат университетини тугатгач, уч йил Когон туманидаги Маиший касб-ҳунар коллежида ўқитувчи бўлиб ишлади. 2014 йил август ойидан бери Бухоро шаҳар ИИОФМБ ҲПБ профилактика инспектори, катта инспектори лавозимларида хизмат қилиб келяпти.
84 та кўп қаватли уйни ўз ичига олган Баҳоуддин Нақшбанд номли маҳаллада 12 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Шунингдек, ҳудудда ижарага турувчилар ҳам анчагина. Профилактика катта инспектори, майор М.Ҳакимов ҳар кунлик ишни режалаштириб амалга оширмаса, қийинчиликка учраши тайин. Шу боис у бугунги ишни эртага қолдирмасликка ҳаракат қилади. Навбатма-навбат кўчаларни айланиб, фуқаролар билан суҳбатлашади, ҳар бир фуқаронинг турмуш тарзи ва орзу-умидлари билан қизиқади. Мабодо бирортаси ишсиз бўлса, унинг истагидан, қобилиятидан келиб чиқиб шаҳардаги ишлаб чиқариш корхоналарига ва бошқа ташкилотларга ишга киритиш чорасини кўради. Нотинч оилалар, муқаддам судланганлар, ичкиликбозликка ружу қўйганлар билан суҳбатлашиш жараёнида уларнинг бу йўлга кириб қолиши сабабларини ўрганиб, имкон даражасида ечимини топишга ҳаракат қилади.
- Мадиёр Ҳакимов ўз касбининг ҳақиқий устаси ва жонкуяридир, — дейди маҳалла раиси Ҳилола Исоқова. — У маҳалламизда хизматни бошлаганига олти ойдан ошди. Шу ойлар давомида кўплаб ижобий ишларни амалга оширдик. Жумладан, хонадонма-хонадон ўрганиш ишларини олиб бориб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи, ишлаб чиқариш цехларини очмоқчи бўлган маҳалладошларимизга банклардан имтиёзли кредит олишига кўмаклашдик. Мисол учун, Й. Изомовага ўтган йили субсидия асосида 2 та тикув машинаси олиб бергандик. У бир йилда ўзини тиклади. Шу боис унга 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиш учун тавсия бердик. Айни пайтда беш кишини иш билан таъминлаб, аёл ва эркаклар кийимларини тикишмоқда. Г. Рустамова эса кўрпа ва кўрпача тикишни йўлга қўйиб, имтиёзли кредит олди, 3 нафар хотин-қизни иш билан банд қилди.
Ҳудудда видеокузатув камералари ўрнатиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бугунгача уйларнинг 80 фоиз йўлаклари ва маҳалла кириш-чиқиш жойларида видеокузатув мосламалари ўрнатилди.
Бир сўз билан айтганда, майорлар Мадиёр Ҳакимов ва Суҳроб Эргашов эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида фидойилик кўрсатиб хизмат қилмоқда. Уларнинг хизматидан аҳоли миннатдор бўлиб келяпти.
Мирзоқул Аҳадов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Бухоро вилояти
