Тошкент шаҳар ИИББ Ишчи гуруҳи томонидан ҳудудлардаги вазиятни ўрганиш ишлари давом этмоқда
2025-08-04 12:05:00 / Янгиликлар

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Шайхонтохур, Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманлари бўлди.
Ишчи гуруҳ томонидан пойтахт ҳудудида тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликни содир этишга сабаб бўлаётган ижтимоий-маиший муаммоларни ижтимоий профилактика чоралари тизими орқали ҳал этиш ҳамда аҳолида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар бевосита ҳудудларга чиққан ҳолда ўрганиб борилмоқда.
Ҳокимият, мутасадди идора ва ташкилотлар ҳамда Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари томонидан бу борада амалга оширилаётган ишлар ИИББ соҳавий хизматлари бошлиқлари, туман ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа идоралар, шунингдек, маҳалла еттилиги иштирокда таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар белгилаб олинмоқда.
Ўрганиш жараёнида Шайхонтоҳур туманининг Ўқчи, Тахтапул, Юнусобод туманининг Буюк Турон ҳамда Мирзо Улуғбек туманининг Шаҳрисабз ва Бешкапа маҳаллаларининг беш йил давомида «Қизил» тоифадан чиқмасдан қолиш сабаблари таҳлил қилиниб, жорий йилнинг 9 ойида ушбу маҳаллаларни «Қизил» тоифадан чиқариш бўйича манзилли «йўл харита»лари тузилди. Ҳар бир мутасаддига тегишли топшириқлар берилиб, ижро муддатлари белгиланди. Ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган масъулларга қатъий чоралар кўрилиши ҳақида ишчи гуруҳ раҳбари томонидан огоҳлантирилди.
Бу каби ўрганишлар пойтахтимизнинг барча туманларида давом этмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати




