Мустақиллик тенгдошлари. Муваффақият сири
2025-08-02 23:00:00 / Янгиликлар

Сирдарё вилояти ИИБ ЖТСБ Кинология бўлими инспектори, сафдор Элдор Ғаниев «Рита» лақабли хизмат ити билан гиёҳвандлик ўсимликларини етиштириш билан боғлиқ жиноий ҳолатни фош этди.
Гулистон шаҳрида ўтказилган профилактик тадбир вақтида «Сайқал» маҳалласидаги хонадонлар-дан бирида, ҳовлида парваришланган гуллар аввалига кўпчиликнинг эътиборини тортмади. Тадбирда қатнашаётган «Рита» эса ўзини нохуш тута бошлади. Элдор хизмат ити ёрдамида изланиш ўтказди. Натижада гуллар орасида 11 туп каннабис-марихуана ўсимлиги яширин тарзда етиштирилаётгани аниқланди.
Сафдор Элдор Ғаниев — истиқлол тенгдоши. У 1991 йили Сардоба туманида туғилган. Мактабни тугатиб, Тошкент молия касб-ҳунар коллежида таҳсил олган. 2016 йилдан бери ички ишлар органлари тизимида. Кинологлик касбини ўрганишида катта сержантлар — Баҳром Эргашев ва Алишер Омонов унга устозлик қилди. Хизмат жараёнида ёш ходим тушундики, кинологлик оддий касб эмас. Жиноят содир бўлганидан қанча кўп муддат ўтса, фош этиш имкони шунча камаяди. Шунингдек, атроф-муҳит, шамол, ёмғир, қор каби омиллар салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, ит ҳам тирик жон, улар ҳам меҳрга ташна. Ҳар бирининг ўзига хос характери бор. Кинолог итни ўргатаётганида мана шу омилларни эътиборга олсагина, натижага эришиши мумкин.
Сафдор Элдор Ғаниевнинг муваффақиятлари сири айнан мана шу жиҳатларни эътиборга олганига бориб тақалади.
Тажрибали кинологга учта зотдор ит бириктирилган. Ҳар бирининг ўзига хос вазифаси бор: «Рита» гиёҳвандлик моддаларини топишга, «Агат» портловчи жисмларни фош этишга, «Дик» жиноятчининг изидан тушишга ўргатилган.
Берилган вазифага қараб улардан бири билан белгиланган манзилга боради.
Элдор Ғаниев ўз устида ишлашдан тўхта майдиган ходимлардан. У ҳозир ИИВ Академиясининг сиртқи бўлими иккинчи курс талабаси. Шу билан бирга, бахтли оила соҳиби. Турмуш ўртоғи билан 3 нафар фарзандни вояга етказмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Абдураҳмон Мустафоқулов, Сирдарё вилояти.
