Аёл ва жамият. Касбга садоқат меҳнатсеварликдан бошланади
2025-08-01 14:05:00 / Янгиликлар

- Отам, истеъфодаги подполковник Рустам Сапаров узоқ йиллар ички ишлар органларида самарали хизмат қилган, — дейди майор Элмира Сапарова. — У хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш баробарида, оиласи, биз фарзандлари таълим-тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратарди. Отам билан фахрланардик, унга ҳавас қилардик. Ана шу ҳавас ортидан мен, синглим ва укам ота касбини давом эттиришдек орзу билан улғайдик. Ҳозир мен Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармаси Юридик таъминлаш ва мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси бошлиғи лавозимида хизмат қиламан. Синглим капитан Элеонора Сапарова Юнусобод тумани ИИОФМБ 5-сонли ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори сифатида фаолият юритади. Укам Исломбек истеъфодаги майор, у ИИВ Қоровул қўшинларида хизмат қилган.
Ҳа, инсон камолотида у туғилиб ўсган, тарбия топган оила, айниқса, бу қўрғоннинг асосий суянчлари, яъни ота-онанинг алоҳида ўрни бўлади. Буни майор Элмира Сапарованинг сўзларидан ҳам англаб олиш қийин эмас.
- Бирор касбга қизиқиш билан шу соҳанинг одамига айланиш ўртасида катта фарқ бор экан, — дея сўзида давом этади у. — Бевосита шу соҳанинг ичига кириб, унда фаолият олиб бориш жараёнида касбий малака шаклланаркан. Хизмат бошлаганимда тизимнинг ўзига хос жиҳатларини уйда отамдан, ишда устозим, истеъфодаги подполковник Баҳодир Исаевдан ўргандим. Лавҳамиз қаҳрамони бугун устоз мақомида. У талабчан устоз сифатида шогирдлари катта лейтенант Мирзоҳид Ҳакимжонов, лейтенант Сардор Гиясовга ҳуқуқий билимларини доим ошириб бориш кераклигини таъкидлайди.
- Хизмат бошлаган илк кезларим устозим, майор Элмира Сапарова эгаллаган билимларимни бевосита хизмат жараёнида қандай қўллашим кераклиги ҳақида доим маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатиб турди. Улардан қатъий интизом юклатилган вазифаларни тўлиқ ва сифатли бажаришнинг муҳим омили эканлигини ўргандим, — дейди катта лейтенант Мирзоҳид Ҳакимжонов.
Майор Элмира Сапарова инглиз, қозоқ, туркман, қорақалпоқ ҳамда рус тилларини яхши ўзлаштирган. Оиласида фарзандлари Ихлосжон ва Бехрузжонга ҳам «Тил билган эл билади» мақолини доим эслатиб, хорижий тилларни ўрганиш, спорт билан мунтазам шуғулланишга ундайди. Айтганча, Ихлосжон келажакда онасининг касбини давом эттириш ниятида.
Ибрат. Шу биргина сўз замирида орзу-истаклар бўй кўрсатиб, мақсадлар куртак очади, қанчадан-қанча инсонларнинг гўзал тақдири яралади. Элмира Сапарованинг бир пайтлар отаси Рустам Сапаровдан олган ибрати унинг ўғлига кўчайотган бўлса, не ажаб. Ахир, бағрикенг оталар, меҳридарё оналар, албатта, келажакка муносиб ворис тарбиялайди.
Гулноза Турғунбоева, ўз мухбиримиз. «Постда»
Тошкент шаҳри
