Тошкент шаҳар ИИББ Кинология хизматининг янгиланган биноси намойиш қилинди
2025-08-01 11:45:00 / Янгиликлар

Журналист ва блогерлар Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Кинология хизматининг янгиланган маъмурий биносига келишди. Бу ерда уларга 9 та алоҳида мақсаддаги бинолар ва уларнинг вазифалари таништирилди.
Янги бино икки қаватдан иборат бўлиб, биринчи қаватда навбатчилик бўлими, музей, маърифат зали, спорт зал, ўқув хонаси, бўлинма бошлиқлари ва гуруҳ командирлари учун хизмат хоналари жойлашган. Иккинчи қават эса мажлислар зали, ётоқхона, омборхона ва махсус воситалар сақланадиган хонадан ташкил топган.
Меҳмонларга хизмат итларининг машғулот жараёнлари, имитация хоналари, йўриқчи итлар билан ишлаш жараёни ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш хоналари кўрсатилди. Шунингдек, жониворлар учун ажратилган волъерлар ҳақида маълумот берилди.
Интервью жараёнида айтилган маълумотларга кўра, кинология хизмати жорий йил бошидан қуйидаги натижаларга эришган:
- Фош этилган жами жиноятлар сони — 200 та.
- Гиёҳвандлик моддалар миқдори — 664.88 грамм.
- Профилактик текширувлар сони — 900 та.
Марказда яратилган шароитлар ҳамда жанговар хизмат итлари ҳамкасбларимизда ёрқин таассуротлар ҳамда эсдалик фотоларини қолдирди.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати









